👉УМР СОАТЛАРИ
“Чиқ-чиқ” дейди соат “11”га
имо қилиб мўйлови билан,
тўн бичади ҳар ким умрга
ўз қаричи – ўйлови билан.
Осмон эса юм-юмалоқ вақт,
ҳар соати унинг – бир мучал –
давра қуриб, йиллар бетоқат
аждар, асов от бўлиб учар.
Узун ташлаб қўяди бирдай
вақт арқонни. Кимга бахт кулар –
осмонлардан мулойим қордай
ёғади оқ-оппоқ орзулар;
кимга эса акси омаднинг,
тун қоп-қора томчи туйилар,
ҳар лаҳзаси гарчи ҳаётнинг
олтин ёмби бўлиб қуйилар.
Умр отлиғ бу калавани
чувалатиб, мен-ку қанд ейман,
кўксимдаги от аравани
қуруқ олиб қочмаса, дейман.
Кўз ёнади. Юрак қалқинган...
Майли, менинг юким бўлсин зил,
бахт келтирсин фақат халқимга
эшик қоқиб турган Янги йил.
Шуҳрат АЗИЗОВ✅ Jadid.uz’ga obuna bo‘ling