МАРҲАБО, РАМАЗОН!Ҳақнинг неъматлари билмас ниҳоя,
Улуғ ой бошларга солмоқда соя,
Муъаззам, муборак, қутлуғ ҳимоя,
Марҳабо, Рамазон! Салом, Рамазон!
Ойларнинг султони – уммат ойи бу,
Ихлос-ибодатга рағбат ойи бу,
Муҳаббат аҳлига ғайрат ойи бу,
Марҳабо, Рамазон! Салом, Рамазон!
Саховат ойидур, Қуръон ойидур,
Жаҳон нурга тўлар, Субҳон ойидур,
Тасбиҳ ва таровиҳ, эҳсон ойидур,
Марҳабо, Рамазон! Салом, Рамазон!
Бир ойки, аввали раҳматга ёрдур,
Ўртаси мағфират, поклик шиордур,
Охири – дўзахдан қутулмоқ бордур,
Марҳабо, Рамазон! Салом, Рамазон!
Шайтонлар кишанда – қилинган қамал,
Нетар шайтонсифат инсонлар бу гал? –
Энди нафсимизга боғлиқ ҳар амал!
Марҳабо, Рамазон! Салом, Рамазон!
Рўза – руҳ шифоси, беқиёс ажр,
Аллоҳ ва банданинг ўртасида сир,
Охират мулкида бор кўшку қаср!
Марҳабо, Рамазон! Салом, Рамазон!
Борлиқда ўзгариш, файз ичра олам,
Қалбларда инқилоб, руҳларда байрам,
Коинот Илоҳий Каломдан хуррам!
Марҳабо, Рамазон! Салом, Рамазон!
Бир тунга тенг келмас тунлар нечаси,
Минг ойдан яхшидур қадр кечаси,
Бир тунда саксон йил яшаш режаси –
Марҳабо, Рамазон! Салом, Рамазон!
Ё Раб! Бандаларга раҳматинг чексиз,
Яхшию ёмонга давлатинг чексиз,
Моҳи Рамазонда неъматинг чексиз!..
Марҳабо, Рамазон! Салом, Рамазон!
Ё Раб! Нурларингни эт бизга ато,
Ўзинг мададкор бўл, қилмайлик хато,
Мирзо дер келгунча то вақти видо:
“Марҳабо, Рамазон! Салом, Рамазон!”Мирзо Кенжабек.
@m_kenjabek |instagram | youtube