🔴Гулнора Каримова манзил колонияга ўтказилди
Бу ҳақида Platina.uz ўз манбасига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, Биринчи президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова янги йил арафасида Зангиота туманидаги 42-манзил колонияга ўтказилган.
Бу хабарни тасдиқлаш ёки инкор этиш мақсадида ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовга қилган мурожаатимиз доимгидек очиқ қолди. У бу маълумот шахсга оид маълумот бўлгани сабабли очиқламаслигини маълум қилди.
Каримова шу пайтгача ушбу тумандаги 21-аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтаб келаётган эди. У 2020 йилда 13 йилу 4 ойга ҳукм қилинган.
Биринчи марта Президент қизига 2013 йилда иш очилган. 2015 йилда 5 йиллик озодликни чеклаш жазоси билан жазоланган. 2017 йилда эса 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган, аммо кейинроқ 5 йиллик озодликни чеклаш жазоси билан алмаштирилган.
Уй қамоғида Каримова бир қатор қоидаларни бузгани учун қайта қамоққа олинган. 2020 йилда унга янги айбловлар билан 13 йилу 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2019 йилдан бери 21-аёллар колониясида жазо ўтаб келаётган эди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X