ЯНГИЛАНИШ
Бу дунёдан кетганимми,
Бу дунёга қайтганим,
Тилларимдан тўкилган сўз —
Бойчечакнинг айтгани.
Хазонрезли боққа боқиб,
Ёшга тўлар кўзларим —
Наҳот, ғамгин бу қўшиғим
Хазонларнинг сўзлари.
Англаяпман: ҳаёт — буюк,
Ўлим — даҳшатли нарса...
Бу ҳикматни мен топдимми,
Сенми, сарғайган майса?
Ёраб, қай кун баргдай яшноқ,
Умримни қафас билдим.
Қаро тупроқ остидаги
Илдизни ҳавас билдим...
Усмон Азим
https://t.center/usmon_azim