View in Telegram
ҚИШ Изғириқ ҳавода кўнгилни кийиб, Мен-ла узун-узун сирлашади қиш. Ялдо тунларида уйқуга тўйиб, Қаршимда ўтириб шеърлашади қиш. Ҳали кузак кетиб улгурмасидан, Либос келтиради хаёлдай парқу. Илғайман мен унинг шивирлашидан: “Тул аёлни кимдир ўйлаш керак-ку”. Сирпаниб кетади кўнглимда гина, Сайрда тўсиндан қўлимдан тутса. Қанийди унинг-ла юриб жимгина, Кўргуликларимни тамом унутсам... Танҳо одимладим қанча йилларни, Алам жомларини сипқориб ичдим. Ёлғизликнинг дол-дол кўйлакларини Неча марта кийиб, неча бор ечдим. Лўққиллаб оғрийди суягимгача, Қонимда оқади бекаслик дарди. Лаболаб тўлдириб юрагимгача Бир кун ўз-ўзимнинг қошимга бордим... ...Бостирилган йиллар тандасин очиб, Яшалмаган ҳислар жандасин очиб, Тоб ташлаган қалбим билан юзлашдим, Ёзмаган шеърларим билан сўзлашдим... Манглайидан ўпдим дутоларимни, Ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ётган хатоларимни. Ғариб кўнглим билан бир ёна бўлдим, Меҳрим-ла ўзимга гирёна бўлдим. Тушиб юрагимнинг қаъри- қаърига, Илк бор изн бердим бари-барига: Севишга, куйлашга, англашга бердим, Ҳаётимни ранго-ранглашга бердим. Бахтимга бугундан қуръа ташладим, Жуфтлик томон дадил йўлни бошладим... ...Изғириқ ҳавода шодликни кийиб, Биз-ла узун-узун сирлашади қиш. Ялдо тунларида гурунгдан ортиб Қоғозга эгилиб шеърлашади қиш. Энди у пурхаёл, мендан хотиржам, Қарайди, кўзимда нур чақинлари. Ҳаётим жилога тўлиқ бўлса ҳам Ўрнини совутиб кетолмас нари. Жимжима суҳбатлар қўрида учов, Яшаймиз сайрда, ижодда, аҳдда. Юракда аланга, сочларда қиров, Куйлаймиз замҳарир ҳаволар ҳақда. Изғириқ ҳавода севгини кийиб Биз-ла майин-майин куйлашади қиш... Муҳаббат ТЎХТАШЕВА
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily