UzTest нима учун монополист деб эълон қилинмаган?
Олигархлар ва Монополистлар дастёрига айланган Техник тартибга солиш агентлиги қошидаги UzTest мокки тадбиркор ва истеъмолчиларни қоқиштираётгани масаласига ҳукумат вакиллари томонидан бирон бир расмий муносабати билдирилгани йўқ. Билдирилмасаям керак. Ўзбекистонда кичик бизнес ва истеъмолчи ким? На параламентда, на ҳукуматда вакиллиги ва овози йўқ ҳеч ким.
Лекин қонунларимизга қарасангиз, истеъмолчиларнинг ҳақлари ҳимоя қилиниши керак, рақобат муҳитини бузаётганлар жазоланиши, ҳеч бўлмаса тийиб турилиши керак.
UzTest DM деган мисоли аждарҳо автомобиллар ва электромобиллар мувофиқлигини текшириш (аслида электромагнит мослашувчанлиги бўйича текширув баҳонасида импортни чеклаш) Ўзбекистонда ягона синовчи. Қорақалпоғистонлик, сурхондарёлик, анджижонлик истеъмолчи ва тадбиркорлар ҳам 1 ноябрдан бошлаб ҳеч бир олдидан огоҳлантиришсиз шу аждарҳонинг Пискентдаги уясига келиб синовидан ўтмаса бўлмайдиган қилиб қўйилган. Синов тўловини истаса 6 млн.сўм, истаса 9 млн.сўм қилиб белгилайди. На калькуляция, на таннарх деган ўлчовлар бор. Истаса 2 соат, истаса 2 кун, ёқмасангиз 2 ҳафта куттиради. Ҳеч қандай процедуравий чекловлар ҳам йўқ бу ўзбилармонларга.
Бу ҳаммаси эмас. Мисоли аждарҳолар май ойида буён маиший техникаларнинг энергосамарадорлик тестини ҳам ўтказишади (бунгача яна бир моночўнтак “Eltech-Lab” МЧЖ ҳам тадбиркорларни пулини олиб, ҳам ҳеч нарса қилмай ойлаб сарсон қилган). Совиткич, музлаткич ва кондиционерлар энергосамарадорлик тестларини ўтказиш ҳам ҳафталаб, ойлаб чўздирилади. Пулини тўладинг, сертификатингни олдинг эмас. Чунки буларнинг мақсади олигарх валийнеъматлари учун импортни чеклаб бериш ва шу баҳона йўл-йўлакай миллиардлаб бебилиска соққа ишлаб қолиш.
Ўзи буларнинг тарифлари қанақа, шартлари қанақа, қайси асосда иш юритишади деб
сайтига кирмоқчи бўлсангиз, ишламайди. Неча марта уринган бўлсам, ҳеч қачон ишламаган. Кунўз ҳам шунча уриниб, 503 рақамли сайтга кира олмаган.
Энди савол: Рақобат қўмитаси UzTest'ни автомобиллар ва маиший техника маҳсулотларини сертификатлаш хизматлари бўйича монополист деб тан олиши керакми? Аждарҳо монополистлар рўйхатига қўшиши керакми? Аждарҳо монополистлардан талаб қилинадиган тартиб ва процедураларни UzTest'дан ҳам сўраши керакми?
Ё UzTestнинг валийнеъматлари шонли энергетикларникидан ҳам қўрқинчлироқми?