Буни аукцион деб атаб бўлмайди, бизга бир қўлли парковка монополияси керак эмасТошкент шаҳрида 50дан ортиқ кўчада пулли тўхташ жойларини бошқариш ҳуқуқи учун аукцион
эълон қилинмоқда.
Агарда аукцион пойтахт маъмурияти истагандек ўтса, шаҳарда ягона Парковка қироли пайдо бўлади. Ғолиби олдиндан ёпиқ кабинетларда келишилмаган бўлмаса, бу жараённи аукцион дейишга тил бормайди.
Биринчидан, пойтахтдаги 50дан ортиқ энг гавжум ва ликвидли кўчалар битта лотда савдога чиқарилмоқда. Яъни "ғолиб" битта кўча ёки мавзедаги кўчаларни эмас, бутун шаҳарни "қўлга киритади". Нормал аукцион шароитида шаҳардаги бўлажак парковкалар ўнлаб лотларга бўлиниши ва улар ўзаро боғланмаган инвесторларга таклиф этилиши зарур. Бунда масалан, бир ҳудуддаги Шевченко, Чехов, Шаҳрисабз ва Якккачинор кўчалари бита лотда эмас, турли лотларда савдога қўйилиши ва битта қўлда жамланмаслигига урғу берилиши керак.
Иккинчидан, барча кўчалар битта лотга боғлангани учун аукционга кириш шартлари жуда оғир ва қиммат қилинган. Табиийкки, қайсидир аввалдан келишилган ғолибга мослаштирилган бўлиши эҳтимоли мавжуд. 5 миллион долларлик инвестиция шартини бажариш ва бошланғич нархи 57,2 млрд.сўмлик йиллик ижара нархини қабул қилишга журъат этувчи ўнлаб рақобатдош бизнес субъектлар топилмаслиги аниқ (спарринг рақиб ролини ўйнаб берадиганлар доим топилади). Лекин, айтайлик, лотлар 20та бўлса, аукционга кириш инвестициявий шартлари 100 минг доллардан бошланса, иштирокчилар сони кескин ортади. Табиийки, аукцион ҳам кескин рақобатли бўлади, ижара ҳақининг нархи аукционда тезроқ ва кўпроқ ошади, давлат ҳам каррасига ютади.
Учинчидан, аукционлар охирги йилларда амалдорлар қўлидаги ғирт манипуляция воситасига айланиб бўлди. Бу ҳақда ичкарида эмас,
четдаги овозлар орқали ҳам очиқ гапира бошлашди. Ер сотишдан тортиб хусусийлаштиришгача қўлланилаётган аукцион жараёнида сунъий равишда қўшилган бюрократик ва коррупцион ғовларни, рақобатни чекловчи қоидаларни доимий инвентаризация қилиб бориш вақти аллақачон келган. Аукционлар шартлари масалан, Антикоррупция агентлиги томонидан коррупциогенлик назоратидан, Рақобат қўмитаси томонидан эса рақобатдошлилик мезонларидан ўтиши мажбурий бўлиши зарур.
Умид шуки, Рақобат қўмитаси ва Антикоррупция агентлиги пойтахтда парковка монополиясини яратиши мумкин бўлган, белгиларига кўра аукцион деб аташ қийин бўлган бу аукционни тўхтатишади.ОАВ ва фаол жамоатчиликни бефарқ бўлмаслигини сўрайман. Ўзи тепадан ҳам, пастдан ҳам, ортдан ҳам, ёндан ҳам монополист ва олигархлар томонидан таланаётганимиз етмаётгандек, яна битта монополист пайдо бўлишига кўз юмиб қараб туриш мумкин эмас.