Автомашиналарни худди эски замондагидек "Доверенность" орқали сотилиши кескин кўпайган
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази автотранспорт воситалари савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44%га қисқарганини
қайд этмоқда. Иккиламчи бозорда йиллик қисқариш икки бараварга етган.
Лекин бу билан иккиламчи автомобиль савдоси қисқараяпти, деган алдамчи хулоса қилиш керакмас. Чунки де-факто сотилаётган автомашиналарнинг ҳар иккитасидан бири "бош ишончнома" ёки халқ тилида айтганда "ишончнома" орқали расмийлаштириб берилмоқда.
Нима учун орадан шунча йил ўтиб, Ўзбекистонда худди "ёмон Каримов" давридагидек одамлар автомашиналарини бир-бирига "ишончнома орқали" сотишмоқда. Сабаби битта: олди сотди шарномасини расмийлаштириш охирги бир йилда каррасига оширилган.
Автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўлов миқдори 2024 йил апрелдан бошлаб
68,4 бараварга, автомобиль рақамларини бериш учун тўлов эса 2023 йил 1 ноябрдан
2 баравардан кўпга
ошган.
Ҳозирда иккиламчи бозорда автомобиль олди-сотдиси учун 5,4 млн.сўмдан кўпроқ харажат қилиш керак.
Бош ишончнома бериш учун эса нотариал харажатлар жами 900 минг сўмни ташкил этади (6 баробар арзон).
Шунинг учун машина бозордами, кўчадами ё танишлар ўртасидами автомобиль олди-сотдисида ёппасига "ишончнома" орқали сотиш авж олган (айниқса, қиймати юқори бўлмаган Матиз, Спарк, Дамас ва Нексия автомобиллари бўйича). Албатта, бунинг рисклари ва йўқотишлари мавжуд, лекин танловсиз ва иложсиз қолган одамлар шунга мажбур бўлишмоқда.
Автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва автомобиль рақамларини бериш тўлови нима учун каррасига оширилгани сабаблари ва мотивларига расмий изоҳ берилмаган (балки қанақадир ўртамчи ДХШ лойиҳаси ўйлаб топилгани бўлгани учундир).