Гульмира (исми ўзгартирилди) Самарқанд вилоятида эри билан яшарди. Улар шаръий никоҳда яшар эдилар, ваҳоланки эри расман бошқа аёл билан турмуш қурган. Аввалига у қийинчиликларга қарамай, ҳаётлари яхши бўлиб кетишига ишонарди, айниқса ҳомиладорлиги ҳақида билгач, бу ишонч янада ортди.
Аммо аччиқ ҳақиқат шу бўлдики, Гулмира ҳомиладор бўлгач, эри уни аввал аёвсиз калтаклаб, сўнг уйдан ҳайдаб юборади. Умидсизлик ва қўрқув ичида Гулмира ўз оиласига қайтишга қарор қилди, лекин у ерда уни қабул қилишмади. Акаси ва опа-сингиллари уни қабул қилишдан бош тортишди ва унинг илтимосларига жавобан ҳатто қўл кўтаришди.
Гулмира энди нима қилишни билмай, бутунлай ёлғиз ҳолда кўчада қолди. Унинг дунёси кўз ўнгида парчаланар ва бу қийин дамларда унинг қалбини умидсизлик тўлдирди. Аммо тақдир унга яна имконият берди. “Раҳмдиллик” маркази билан ҳамкорлик қилган юристлар орқали у бошпана ҳақида билиб олди.
Гулмира ҳеч иккиланмай Самарқандга бориб, шу марказдан бошпана топди ва бу унинг учун ҳақиқий нажотга айланди.
Афсуски, оғир калтаклар ва чидаб бўлмас стресс туфайли Гулмира муддатидан олдин туғди. Унинг ўғли ўлик туғилди, бу эса аёл учун чидаб бўлмас зарба бўлди. У йўқотиш азобига зўрға бардош бера олди, лекин қизи тирик қолгани билан таскин топди.
Икки йил давомида Гулмира "Раҳмдиллик"да, марказ ходимлари ва БМТТД дастури доирасидаги юристлар кўмагини олди. Улар унга суд жараёнларида ёрдам беришди, ҳуқуқларини ҳимоя қилишди ва қийин дамларда уни қўллаб-қувватлашди. Уларнинг саъй-ҳаракати билан Гулмира давлат томонидан тақдим этиладиган уй-жойга эга бўлди. Шунингдек, уни Самарқанд ҳокимлиги ҳам қўллаб-қувватлаб, барча керакли ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам берди.
Гулмира ўтмишдаги оғир шароит туфайли соғлиқдаги муаммоларга ҳам учради. Марказ ҳуқуқшунослари ва мутахассислари унга ногиронлик гуруҳига рўйхатдан ўтишда ёрдам беришди, бу эса унга қўшимча имтиёз ва ёрдам олиш имконини берди.
Барча қийинчиликларга қарамай, Гулмира таслим бўлмади. У ҳозир иш қидирмоқда ва қизи боғчага боргач, келажагини қуриш учун кўпроқ вақт топади.
Гулмира шу оғир йилларда “Раҳмдиллик” маркази ва унга ёрдам берган барчадан чексиз миннатдор. Унинг ҳикояси умид ва ёрдамни ҳатто энг қоронғу шароитларда ҳам топиш мумкинлигига мисолдир.
Payme, Click иловаларидаги «Хайрия» ва Uzum bankнинг "Добро" бўлимларида хайрия қилиш орқали Самарқанд шаҳридаги «Раҳмдиллик» шелтери фаолиятини қўллаб-қувватлашингиз мумкин.
Ольга Любомирова
#СукутСақлама #шелтер_ҳикоялари