Шерзод Комил Халил
Этюд
Мен сизни кўп вақтлар ғамгин эсларман,
Юлдузлардан йироқ, ойлардан йироқ;
Умримни қамчилаб, вақтни тезларман,
На хушки, юлдузим, келмассиз бироқ.
Қалдироқни чорлаб чаларман довул,
Ҳар кун терс бораман ўлмай чақмоққа;
Батаҳқиқ, бу қисмат, тақдиримдир йўл,
Сиз давом этасиз дилни ёқмоққа.
Билмадим дунёда саодат нима?
Қандайин хуш ондир яшамоқ асли?..
Ҳаётим бўронга йўл олган кема,
Ҳаётим серғалва бўронлар фасли.
Бу замин ҳаёти - умрим аввали,
Ёмғиру дўл урган билдим тўрт томон.
Биламан, сиз бахтли бўласиз ҳали,
Агар мен денгиздан чиқолсам омон.
Умридан ғурбатни йиқолмаганлар -
Кўкида қандайин айланади чарх?!
Биламан, денгиздан чиқолмаганлар,
Абадий денгизга бўладилар ғарқ.
8.01.2025.
Тошкент.
@Sherzodkomilkhalil