НАҚЛ ҚИЛИШЛАРИЧА, Ҳазрати Хожамиз айтган эканлар: «Бухорода эдим, Саййид Амир Кулолнинг шариф суҳбатларига кўнглимда майл пайдо бўлди. Насафга йўл олдим. Етиб келганимда улар менга дедилар: «Эй ризожўй фарзанд, айни вактда келдинг, хумдонни тахт қилиб қўйганман, аммо ўтин йиққани одам йўқ».
Мен бу ишоратга шукр қилдим ва ўтинни оркамга кўтариб, хумдонни олдига олиб келдим».
Байт:
Жамоли Каъба чунон медавондам ба нишот,
Ки хорхойи муғийлон ҳарир меояд.
Каъбанинг жамолини кўришга шодлик билан шундай чопдимки, Ҳатто муғийлон дарахтининг тиконлари ипакдек юмшок бўлди.
Саййид Амир Кулол рисоласида келтирилишича, Ҳазрати Хожа Бухородан Насафга юзланиб, муборак Хожага етишдилар ва хумдонга олов қалашга машғул бўлдилар. Саййид Амир Кулол уларнинг қўлларига бир таёқни бериб, ўт ёқишга буюрдилар. Ҳаво ғоят иссик эди. Ҳазрати Хожамизнинг муборак баданларида эски пўстинлари бор эди. Олов нафаси уларга етгач, ҳароратдан изтиробга тушадилар, пўстинни баданларидан ечиб, оловга ташладилар. Шунда Амир: «Эй фарзанд, нега бундай килдингиз?» деб сўрадилар. Ҳазрати Хожа унга «Лутфу карам билан афв қилсалар!» деди. Амир уларга: «Эй фарзанд, оловга кириб пўстинингизни олиб чиқинг», дедилар. Шу тартибда бу сўзни уч марта такрорладилар. Хожа узр изҳор қилдилар. Охири айтдилар: «Эй Махдум, агар пўстиним тош ёки темирдан бўлганда ҳам эриб кетарди, бу пўстиндан ўзга нарса эмас!» Амир: «Эй фарзанд Баҳоуддин, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг шавқида ёнган дарвишларнинг устида йиллаб турган нарсани бу дунё олови қандай куйдира олсин!» Мисра:
Каси сўхтаро ду бора бирёи накунад.
Бир куйганни иккинчи марта куйдирмайдилар.
Эй Баҳоуддин, ўз ҳолингча кирсанг куйган бўлардинг.
Ҳозир сени зўрлаб киргизмоқдалар, қўрқма, киравер!»
Ҳазрати Хожа «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» деб оловга қадам қўйдилар ва оловнинг юрагига назар солдилар, қарасалар пўстин саломат турибди, ҳатто бир дона юнги ҳам куймабди. Пўстинни олиб ташкари чиқдилар. Амир уларга буюрдилар: «Эй фарзанд, дарвишлар устида бўлган нарсани дунёни олови куйдиролмагай. Сен саъй-ҳаракат килиб, дарвишлар дилидан жой олсанг, дўзах олови сени куйдирмайди».
https://t.center/uztasavvuf