ҲАР ОНИМ ВАТАН
Қуёш билан одим отар, жоним ичидаги йўл,
Фатво олди толедан қоним ичидаги йўл,
Сўз истайди қанотли, оним ичидаги йўл,
Тилимнинг таронаси сайроним Ватан,
Илмнинг поғонаси ҳайроним Ватан.
Ғозийларинг қонида қалқдинг неча бор,
Валийларинг шонида балқдинг неча бор,
Нақшибандий нақши дилда -« Дил ба ёр»,
Кўпдир валломати-мардоним Ватан,
Хослар мақомати-сирдоним Ватан.
Муғул олов сочиб келди, ёвқур бало,
Боболарим қувғин бўлди, дилида вола,
Бири Шомга кетди, бириси Карбало,
Ёғийлар тортаган пайҳоним Ватан,
Ғазнадаги Абу Райҳоним Ватан.
Қаламга сиғмадинг-каломга сиғмадинг-ку,
Етти иқлим аро-оламга сиғмадинг-ку,
Самолар сиққан қалб-хонамга сиғмадинг-ку,
Ҳисларимда яшар шоёним Ватан,
Сўзда ёзолмаган достоним Ватан.
Тева етаклаб борар йилларнинг қўнғироғи,
Ҳил-ҳил пишиб етилар сенда илм чорбоғи,
Ҳосилини тераяпман, йўқдир ҳеч адоғи,
Илм пишган тупроқ-хирмоним Ватан,
Буюк ипак йўли- карвоним Ватан.
Подшоҳ ўзи, аммо ғурбатда ғариб,
Бобур гирён Ҳиндистонга йўлини солиб,
Ибн Сино Ҳамадоннинг вазири бўлиб,
Кулмади ҳеч дили вайроним Ватан,
Бобур еган қовун-армоним Ватан.
«Маснавий»дан дарс олдим Мавлоно эшигида,
Кўнглимни улғайтирдим тасаввуф бешигида,
Ваъз эшитдим шоирдан муридлар эшлигида,
Воизимсан, тили бийроним Ватан,
« Шабби арус»- тўлган паймоним Ватан.
Салжуқ подшосидан ўтин сўрар Румий,
Даргоҳнинг минг бир ишин кўрар Румий,
Коняда Шамсини излаб юрар Румий,
Йўқ, дер Шамсдай ёроним Ватан,
Қолди, қуёшсиз осмоним Ватан.
Мерам боғларида Балхни қўмсайди у,
Офтоб ошиқ бўлган Шарқни қўмсайди у,
Балхда бола бўлиб чопиб юрсайди у,
Болалик -обакидандоним Ватан,
Ғурбат боласининг ҳар они Ватан.
Пирининг этагин ўпар Темур бобо,
Мир Саидни бошда тутар Темур бобо,
Оёғи учида ётар Темур бобо,
Иймонли, ихлосли султоним Ватан,
Пирларим- қирқ бир чилтоним Ватан.
Дорони етаклаб чўлга кетар Широқ,
Тўрт ён етти кунлик йўлга кетар Широқ,
Топмади чора ёлғондан яхшироқ,
Керак ерда росту ёлғоним Ватан,
Балолардан боши омоним Ватан.
Йўл қистади, кетдим олис сафарларга,
Ширин жонимни қўйдим хатарларга,
Авжимни харжладим кунботарларда,
Бўлди тоти йўқ замоним Ватан,
Соғинчдан рангги сомоним Ватан.
Соғинч капалагим кирар рангдан рангга,
Макон тоти сизиб борар жондан танга,
Нонга тўйдим, лекин тўймадим Ватанга,
Ичимдаги ичим, ниҳоним Ватан,
Бори мушкулимнинг осони Ватан.
Кўнгилни сенга қуш қилиб учирдим,
Тупроғинг сувда жонимга ичирдим,
Фироқда ўзимни кечирмай...кечирдим...
Соғлиғим, сиҳатим, дармоним Ватан,
Юзда табассумим, хандоним Ватан.
Тарихни ёритар Зардўшт «Авесто»си,
Йилларни етаклар эзгу фалсафаси,
Қонимизда қайнар шомон жазаваси,
Қалбимдаги оташ-иймоним Ватан,
Мерос эътиқодим-шомоним Ватан.
Зулайҳо исмидан Юсуфим, деб ёндим,
Ошиқлар хасмидан Юсуфим, деб ёндим,
Ёна-ёна охир Ҳаққа йўлим солдим,
Ишқсан-Зулайҳонинг жони Ватан,
Юсуфга кўз тиккан Канъони Ватан.
Каъба шайхи кибр-ла хорга, хасга дўнди,
Мақомидан инди, зумда пастга дўнди,
Риёзатлар чекиб яна Хосга дўнди,
Аллоҳ дўсти -шайх Санъоним Ватан,
Нафс поғонаси -нарвоним Ватан.
Ёғий Туркистонни тутдай каллаклади,
Андижонда ўлим ҳукми жаранглади,
Мамадали эшон дорда саланглади,
Юрт деб, кетди жони арзоним Ватан,
Миллат эри -Дукчи Эшоним Ватан.
Мавло қуйиб турди илмнинг мойидан,
Донг таралди Термизий, Бухорий шонидан,
Ҳадис узвдир Қуръоннинг жонидан,
Муҳаддис олимлар-шонимсан Ватан,
Илмнинг пилиги, мойисан Ватан.
Навоийни ўқиб сўз кайфини тотдим,
Жуманбулбул байталини бир қўбизга сотди,
Фозил Йўлдош « Алпомиш»ни қирқ кун куйлаб ётди...
Шиғилдир сўз боғи ларзоним Ватан,
Шоирларим-бахши сўзоним Ватан.
Буюк шоҳлар ухлайди Шоҳизиндада,
Суюк шоҳлар ухлайди Шоҳизиндада,
Тирик шоҳлар ухлайди Шоҳизиндада,
Ислом отам-шоҳу шоҳоним Ватан,
Ҳуррият меъмори-ҳоқоним Ватан.
Қуёшнинг кўзгуси-Самарқандим нони,
Мева исли Ватан-жонимнинг жонони,
Қулоғимга азон айтган Иштихоним,
Гулдан тўн бичганим- бўстоним Ватан,
Кўзим юмсам жойи ростоним Ватан.
Муҳаббат Мангу( Тўхташева )