Замон тезлашмоқда, айрим янги одобларга ҳам эхтиёж пайдо бўляпти:
• Кимдандир пластик карта орқали қарз олсангиз, қайтаришда хизмат хақини ҳам қўшиб ўтказинг;
• Бошқаларнинг қанча ойлик олишини сўраманг. "Ишда левийлар борми?" дея иржайманг;
• Кимгадир телефон қилганингизда иккинчи йўналишга тушсангиз, битта чақириқдан кейин алоқани узинг. У одамга Сиз қидирганингизни англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқларингиз билан суҳбатини хира қилманг;
• Кимгадир қўнғироқ қилсангиз ва у жавоб бермаса, бир секунддан кейин ҳам жавоб бермайди. Қайта-қайта қўнғироқ қилаверманг. Умуман, жавоб бериш у томоннинг хуқуқи, зинҳор мажбурияти деб қараманг;
• Кимдир бирорта суратни кўрсатиш учун телефонини берса, фақат ўша суратни кўриш билан чекланинг. Бармоғингиз билан кейингиларига ўтиб кетманг. Хаққингиз йўқ бунга;
• Ҳаддингиз сиғмаган одамга, яна жамоат орасида иккинчи хотин, оила масалаларида қочирим қилманг;
• Чоррахаларда тўхтаб турилганда ёнингиздаги машинадагиларга олайиб қараманг. Ҳеч ким ҳақингизни еб кетмаяпти. Умуман айтганда буткул қарамасангиз янада яхши. Чунки улов ҳам бировнинг мулки, унинг ичи кимнингдир хонадони мақомида;
• Кимдир телефонида нимадир қидираётган бўлса тикилиб турманг, бошқаларнинг телефон экранига рухсатсиз ва ўта заруратсиз қараманг;
• Умумий овқатланиш масканида атрофингизда аёллар ва болалар бўлса, сўзларингизни ҳам, овозингизни ҳам, кулгингизни ҳам назорат қилинг!