Мингйиллик ва минг йиллик: қай бири тўғри?
Йиллик сўзи сонлар ва миқдорни билдирувчи сўзлар билан қўлланганда ажратиб ёзилади: минг йиллик, кўп йиллик, беш йиллик, ўн йиллик каби.
Беш йиллик режалар муҳокама қилинди. Ўн йиллик натижаларга эътибор қаратилди.
Доим ажратиб ёзиладими? Йўқ, қўшиб ёзиладиган ҳолатлар ҳам бор. Лекин камдан-кам учрайди.
Юзйиллик сўзи баъзан
аср маъносида қўлланади. Бунда сўз қўшиб ёзилиши керак:
Инсоният янги юзйилликда жиддий муаммоларга дуч келяпти.
Мингйиллик сўзи эса ўн асрга тенг вақтни англатади:
Инсоният учинчи мингйилликда ўзаро урушлар ва адоватларга чек қўйиши керак.
Лекин вақт бирлиги маъносини англатмай,
минг йилга мўлжалланган ёки
ёши минг йилга тенг деган маънода келганда сўз ажратиб ёзилади:
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Самарқанд-Китоб йўлида ҳазрат Навоий ва буюк мунажжим Улуғбек замонасидан қолган минг йиллик чинорлар ҳали ҳам шовуллаб турибди.
“Ўзбекистон қўриқлари”.
Юзйиллик сўзи ҳам,
мингйиллик сўзи ҳам изоҳли ва имло луғатларига
киритилмаган.
@oriftolib