Қонун ҳужжатлари тили: “ўзгартиш”ми ёки “ўзгартириш”
Қонун, қарор, фармон, буйруқ ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда сўз қўллаш ва имло билан боғлиқ турличаликлар, чалкашликлар
учраб туради. Улар қанча тез тузатилиб, чалкашликларга аниқлик киритилса, фақат фойда бўлади.
Бугун замонавий ўзбек тилида меъёрий ҳужжатлар сабабли оммалашган сўз –
ўзгартиш ҳақида кичик изланиш ўтказамиз.
-тир ва
-т орттирма нисбат қўшимчаларидир. Улар баъзан ўринма-ўрин, маънодош ҳолатда ҳам ишлатилиши мумкин. Жумладан,
ўзгармоқ феълида. Ушбу сўзнинг орттирма нисбати
ўзгартир ёки
ўзгарт бўлади. Тўғри, “ўзгарт” шакли замонавий ўзбек тилида ишлатилмайди ҳисоб. Лекин
хато эмас.
“Ўзгартиш” сўзи ана шу
ўзгарт шаклидан ясалган ҳаракат номидир. У қонунчилик матнларида тамоман отлашган ҳолатда қўлланяпти, алоҳида сўзга айланиб улгурди. Уни изоҳли луғатга алоҳида сўз сифатида киритса ҳам бўлади.
Юридик тилда хилмахилликдан қочган афзал. Қонун ва қарорлар матнида ҳам биттасини: ёки
ўзгартириш, ёки
ўзгартиш вариантини танлаган афзал. Баъзида ҳатто битта қарор доирасида ҳам бир ўринда
ўзгартириш, бошқа ўринда
ўзгартиш қўлланган ҳолатлар
бор.
Албатта, қонунлар ишлаб чиқилиш жараёнида бир неча чиғириқлардан ўтади, муҳокамалар қилинади. Аммо депутатлар орасида тилшунослар, муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар ҳамиша ҳам топилавермаса керак. Менимча, қонунлар ва бошқа муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан олдин тажрибали муҳаррирлар назаридан ўтказилса, тил ва имло билан боғлиқ саволли ўринлар анчагина камаяди.
📌 Демак, сўзнинг
ўзгартириш шакли ҳам,
ўзгартиш шакли ҳам тўғри. Бироқ расмий-ҳуқуқий матнларда – ҳеч бўлмаса битта ҳужжат доирасида – ҳархилликка йўл қўймаслик, улардан фақат биттасини ишлатиш афзалдир.
@oriftolib