Давоми
***
Мана бир ҳафта бўлди, Дилдора тинимсиз иш излайди. Ижтимоий тармоқларда берилган эълонлар билан ҳам танишиб чиқди. Аксарият рекламалар тармоқли маркетинг, яъни пул тикиш эвазига бирор компанияга аъзо бўлиш мазмунидаги таклифлар эди. Наҳотки иш топа олмаса, ҳадемай ўғли ҳам мактабга чиқади, ўзига хос ҳаражатлар дегандай...
Умиджонни боғчадан олишга бугун ҳам бироз кеч қолди. Ўғли билан яна битта қиз қолган экан. Боғча опаси шу икки болага телевизор қўйиб бериб, ўзи ёзув столидан бош кўтармай нималарнидир қоралаяпти. Дилдора у билан сўрашдида кейин, сал тортиниб: "Малика опа, сизларда иш йўқми, тарбиячи ёрдамчисими, ошхона хизматчисими... Шу.. Ишга кирсам деган эдим, барибир ҳар куни боғча баҳона марказга қатнаяпман,"- умид билан боқди. Малика опа кескин бош чайқаб:
" Йўқ, кеча шеригим Дилбар ҳам жиянимни жойлай олмаяпман деган эди, "-деди. Дилдора шашти тушиб: " Майли унда, " -деб кетаётган эди, Малика
опа: "Шошманг, агар ишлайвераман десангиз шундоқ ёнимиздаги спорт мажмуасига фаррош керак экан, ўтган ҳафта
битта " родителим" шеригим бўшаб кетди, одам йўқ ўрнига қийналиб кетдим деётганди, агар одам олишмаган бўлса,яна билмадим. Бориб кўрасизми? "-деди қандайдир хайрихоҳ оҳангда. Дилдора қувониб кетди. " Ҳозир борсам бўлармикин "-деди шошиб. Малика опа : "Ҳаа, уларда энди иш қизғин пайти, соат тўққиз -ўнгача одам бўлади"-деди.
Дилдора боласини етаклаб гўё учиб борарди.
Одамлардан сўраб -сўраб мажмуани топди. Ичкари киймано кийган турли ёшдаги болалар, уларни кутиб,телефон титкилаб ўтирган ота-оналар билан гавжум эди. Дилдора кимга учрашишни билмай эсанкираб турган эди, шу пайт Умиджон : " Ойи қаранг, дадам "-деди. У боласи кўрсатган томонга илкис бурилиб қараб, ўзлари томон жилмайиб келаётган, ўша куни Умиджонни пирожки билан сийлаган кишини кўрди. Негадир боласи у томонга чопқиллаб бориб кўришди. Дилдора ноқулай аҳволда қолган эди. Эшитилар -эшитилмас салом берди.
У киши бошини силкиб алик олиб, Умиджонга қараб жилмайди ва: " Ҳа полвон, каратега келдингми? "-деб сўради. Умиджон унинг гапини тушунмади чоғи онасига қаради. Дилдора ҳам нима дейишини билмай ростини айтиб қўя қолди"
"Йўқ, мен иш излаб келувдим..."
Эркак уни ҳижолатга қўйишни истамай, тўғридаги эшикни кўрсатиб: "Ҳув, анави эшикда бошлиқлар ўтиради, -деб, қўшимча қилди -хоҳласангиз полвон мен билан ўтириб туради, "-деди. Дилдора тезроқ кирмаса ишсиз қоладигандай, боласини қўлини қўйиб юбориб, кўрсатилган хона томон шошилиб кетди.
Ичкаридан чиқса, ўғли бегона киши билан анча тил топишиб олган, шекилли, тинимсиз нималарнидир тушунтирарди. Дилдоранинг шашти пастлигини кўрган заҳоти самимий оҳангда:
" Нима, ўхшамадими? "-деди.
Дилдора боши билан тасдиқлаб
" ҳа "ишорасини қилди.
Эркак бироз ўйланиб туриб:
" Ишлаб чиқариш цехида ишлай оласизми? "-деб сўради. Дилдора ўта тушкун кайфиятда: " Тикишни билмайман-да "-деди. Эркак уни ойна томон бошлади, деразадан кўриниб турган
" Корзинка" биносига ишора қилиб: " Шу супермаркетнинг орқасида сариққа бўялган бино бор, эртага ўша ерга бориб Мағфират опа деган аёлга учрашасиз ва Улуғбек ака юборди, дейсиз "-деди. У гапини тугатар -тугатмас, бири ўн, бири ўн тўрт ёшлардаги терлаб кетган болалар югуриб келишди.Ёши каттаси :" Дада, кетдикми, тугади машғулотимиз "-деди. Дилдора бу одамга раҳмат дейишга ҳам улгурмай қолди.
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi