***
Давоми
Бу ернинг тўйлари ҳам ўзларининг қишлоқдаги тўйларга ўхшаб кетаркан. Тўй давомида , деярли ҳамма меҳмон улар ўтирган столнинг орқа томонига ўтиб навбатма навбат келин -куёв билан суратга тушишди.
Оналарга табрик сўзи берилди. Дилдора сочларини турмаклаб замонавий кийинган онасининг ёнида турган -жуда оддий либосда, рўмолини орқадан ўраб олган,елкалари ҳам бироз букчайган, аммо юзлари фариштали аёлга зимдан разм солди. Қайнонасига гулдастани бериб тортиниб елка тутган эди. Аёл келинини маҳкам бағрига босиб икки юзидан ўпди, кейин юзини қўллари билан артиб ҳам қўйди.
"Давраларда ўйнасин онам" қўшиғига икки қўлини кўтариб рақс тушаётган , айни пайтда кўзларидан оқаётган ёшлари билан ўзгача истарали эди аёл.
Бу хонадон ўз уйларидан тамомила фарқ қилар экан. Уларникида дўконнинг олди ҳамиша гавжум бўлар, ош -овқатни ҳам навбат билан еб, савдога чопишарди. Тўйдан кейин бир ҳафта юрган Рўзимурод ишига ошиқди. Шу бир ҳафта ҳам ошна -оғайнисидан ортмади. Жуда камгапми ёки у билан гаплашгиси йўқми Дилдора тушунмади. Катта қайниси шаҳарда ишлар экан, кичиги унинг қўлида тураркан, талаба.
Қайнотаси қандайдир ташкилотда шофёр экан. Хуллас, ҳамма иш ишига кетиб, қайнона- келин уйда қолишади. Қайнонаси ҳар гапида "болам, болажоним" деб еру кўкка ишонмайди. Сенсираб гапиради, лекин самимий, ёқимли.Фақат нимагадир сал ҳаяжонланса ҳам йиғлаб юборади. Нима иш қилса, баравар ёрдамлашади.
Келин кўргани чиққан қўни- қўшнига кўзида ёши билан кулиб: "Ҳамсая, менгаям худо қиз берди, мана"-деб мақтаниб ҳам қўяди. Қайнотаси келса-ку, ўтказгани жой топмайди. Дилдора қараб турса, қайнонаси жуфтидан анча қари кўринаркан. Шунданми, ёки буларнинг ҳаммасининг феъли шундайми қайнотаси хотинига жеркиброқ муомала қилгандай туюлади.
Тўйларига олти ой бўлди. Дилдора санаб юрибди беш марта келиб -кетди Рўзимурод. Бу орада ўзи икки марта қизлик уйига бориб келди.
Баъзан унинг хаёл суриб қолганини кўрган
қайнонаси:" Ўйлама болам, эрта-индин келиб қолади, отасига айтаман, телефон билан гаплашади"-дейди. Тавба, кетганидан бери -икки марта хабар ёзди "Тинчмисан" деб. Барибир кутаркан одам. Тиқ этса, телефонга қарайди, ўзи бир -икки қўнғироқ қилганди, ўчиқ экан.Негадир шу кунларда эрта саҳардан боши айланиб, кўнгли беҳузур бўляпти. Орқа ҳовлига ўтиб ўқчиётганини кўрган қайнонаси кўзида ёши билан Дилдорани маҳкам бағрига босди.
Нимагадир кеч ораси қайнотаси ҳам қайнонаси ҳам саросимада эди. Айниқса, қайнотаси, сўкиниб кимларгадир телефон қилади, диққат бўлиб у уйга киради, ҳовлига чиқади.
Дилдора энди идиш-товоқларни сарамжонлаб уйига кириб кетаётганди, эшик зарб билан тақиллади. Қулфланмаган эшикни бир тепиб, икки эркак ва бир аёл бостириб кирди.Қайнонаси турган жойида қотиб қолди.Қишки кепка бостириб олган эркак устига костюмини илиб чиққан қайнотасига қараб : "Менга қара, кечгача кутаман деганмидим сенга, бемалол ўтиришини қара буни". Улар билан келган сочи сариқ, тўлачадан келган аёл ҳам қайнотасига, ҳам қайнонасига қараб :" Ё қизимни одамга ўхшаб тўй қилиб оласан, ё болангни қамоқда чиритаман "-деди кўзлари олайиб. Қайнонаси шундоқ лой ерга чўк тушиб, ўтириб қолди. Кейин ожиз овозда :" Отанг юрган йўлдан юрдингми, болееем"-деб ингради.
Реакция ва фикрларингиз илҳом беради, босиб ўтишни унутманг.
Давоми бор.
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi