Давоми
***
Эшик қўнғироғининг устма-уст жиринглашидан уйғонган Фотима девордаги соатга қараб кўзлари катта -катта бўлиб, илкис ўрнидан турди. Қизларининг дугоналари мактабга бирга кетиш учун чақираётган экан. Ухлаб ётган қизларини тургизиб мактабга шайлади. Кичигини кийинтириб, боғчага югурди. Хайрият, улгурди. Ҳали Сабурани олдига бориши керак. Бир кунгина ишидан жавоб олсинмикан. У телефонини қўлига олиб, ўйлаб турди-да, иш бошқарувчига қўнғироқ қилди. Жияни касалхонага тушиб қолганини айтиб, тушгача рухсат сўради. Кечгача қолиб бўлса ҳам ҳамма ишларини битириб қўйишга ваъда берди. Рухсат тегди чоғи, мамнун қиёфада қайта -қайта раҳмат айтиб хайрлашди.
Шифохонага кета туриб, уйдан битта бир литрлик банка олди. Ҳарна суюқ овқат олса идиш ҳам пул. Дўкондан икки дона банан ва олма шарбати олди.
Сабура анча ўзига келиб қолибди. "Кетақолай"- деб илтижоли боқди. Доктори ҳали такрорий таҳлиллар қилинишини айтиб, рухсат бермади.
Фотима шифохонадан чиқиб, бекат томон кетаркан, ўзи билан тортишарди гўё. Эри чақирган жойга борсинми, бормасинми боши қотиб, телефонини қўлига олди-ю, таваккал, Яндекс иловасидан Мухтор юборган йўналиш бўйича такси чақирди.
Манзилга келиб ҳайрон бўлди. Тепасига " Анжир" деб ёзилган миллий таомлар кафесининг қаршисида турарди. Ичкарига кирди. Ҳали тушлик пайти бўлмагани учунми, деярли одам йўқ. Дастёр йигит- қизлар миллий кийимлар кийиб олишибди. Айниқса, дўппи-ю, беқасам нимчалардаги ўғил болалар актёрларга ўхшарди. Деворларга ранг-баранг сопол лаганлар илинган, тўрқовоқларда беданалар бир -бирига гал бермай сайраб турибди. Дастурхонлар адрас нусха. Фотима шуларни кузатиб туриб, аваллари, шаҳарда яшовчилар ҳар куни кафе, парк, кинога борса керак деб ўйлаганини эслади. Шунча йил яшаб, ақалли, бирор марта эри билан овқатлангани бундай жойларга келмапти. Тўғри, қизларини бир -икки марта Мухторнинг ишхонасидан берилган билет билан циркка олиб борган. Шунда ҳам арзон тушади деб, уйдан "хотдог" тайёрлаб олганди.
Шу хаёллар билан нима қилишини билмай турганди, дастёр қиз югуриб келди.
Унинг ортидан Мухтор кўринди ва Фотимага буёққа кел, ишорасини қилди. Фотима эрига қараб янги келинлигидагидек ҳаяжонланди, негадир.
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi