***
Фотима ишга кеч қолмаслик учун қадамини тезлатди. Сумкасида турган телефонига хабар келди чоғи таниш оҳанг эшитилди. Унинг телефонга қарашга вақти йўқ, деярли югуриб борарди. "Хоним" келгунича хоналарни тартибга солиши керак. Тўйлар ўтиб, бугундан дўкон эгалари ишга чиқишади.
Зиналардан кийимини алмаштириш хонасига шошилиб чиқиб кетаётганида қўриқчи йигитга урилиб кетди. Яна ўша қаттиқ нигоҳлар. Тезгина кўзини олиб қочиб, кўнгли ғаш бўлиб хонага кирди.
Хона иссиққина экан, қани энди ҳеч ким индамаса, бир зумгина мизғиб олса эди. Кечаси ухламагани учунми, боши қизиб кўнгли озди. Шунда ҳатто нонушта ҳам қилмагани эсига тушди.
Кечгача қўли сувдан чиқмади. Иш вақти тугаб кетишга ошиқди. Ҳаммаёғи қақшаб оғрирди.
Автобуснинг муздек ойнасига бошини қўяркан кўз ёшлари билан бирга хотиралар қуюлиб кела бошлади. Мана бир йилдан буён аъзойи бадани қақшаб оғрийди. Ўтган йили эрта баҳор пайтлари эди, қўшниси бир табиб борлигини, илоннинг ёғидан тайёрланган укол қилишини ва кўпчилик шу муолажадан сўнг ўғил фарзанд кўраётганини айтди. Қариндошларидан мисоллар келтирди ва табибнинг рақамини берди. Эр-хотин бирга бордилар. Табиб аёл киши экан.
Уларнинг иккаласига ҳам бирдек муолажа зарурлигини айтиб ўша уколдан қилди. Шундан сўнггина бу укол таъсирида баланд иситма чиқиши ва кучли оғриқ бўлишини айтди. Нархи ҳам қимматгина экан. Муолажа уч кун ўтказилиши шартлигини таъкидлади.
Йўлда қора терга тушиб, уйга зўрға кириб келишди. Иситма қирққа чиқди. Фотима-ку тишини -тишига қўйиб чидади. Эри чидолмади, дод деб сўкиниб, хотинини айблаб, тонг оттирди. Эртаси куни нима қилсанг ҳам бормайман, деб туриб олди. Фотима яна икки кун қатнаб шу азобларни бошидан кечирди. Шундан буён ҳамма ёғи қақшаб оғрийди. Турмуш ўртоғимга ўғил туғиб берай шу азобларга ҳам дош берибди-я, у номард бўлса... Кўз ёшларини артиб, эрталабдан буён қўлига олмаган телефонига қаради. Ҳайрон бўлиб қолди.
Эридан смс келибди. "Қизларимни соғиндим."
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi