Давоми...
***
Сабура телефонни ошхонадаги стол устига қўйдию, кўнгли ғаш бўлди. Холаси нега чақирди, экан. Анчадан бери йўқламай қўйган эди.Айтганча, кичик қизини боғчадан олишини тайинладику, тезроқ ҳаракат қилиш керак.Ошхонани сарамжонлаб,егуликларни музлатгичга қўйди. Акасига кетаётганини айтган эди, бир- икки ғўлдираб ухлаб қолди.
Уй эшигини ўзининг калити билан қулфлаб, йўлга чиққанида кун анча салқин тушиб қолганини пайқади, оёқ остида ёнғоқ баргининг қуриб қолган хазонлари атрофга қандайдир тундлик бағишларди. Бирорта ҳам барги қолмаган дарахт учларига қарғалар хурпайиб қўним топган.
Болалар боғчаси Сабура ўқийдиган мактабнинг ёнгинасида жойлашган. Боғча атрофида турли русумдаги машиналар тирбандлик ҳосил қилган. У автоларни айланиб ўтар экан, ўзининг исмини эшитиб ялт этиб қаради. Қаршисида синфдоши Сардор турарди. У ўзига ярашган спорт кийимида эди.
--Сабура, яхшимисан, Пўлат аканг уйдами, физикадан озгина ёрдам керак эди. -деди
Сабура бош силкиб ҳа ишорасини қилди-ю, тезгина боғча дарвозаси томон ошиқди. У тез юрар, юраги эса оёқларидан ҳам тез ҳаракат қиларди.
Йўл -йўлакай қақажон Дилнура берган саволларга ҳам фақат бош ирғаб жавоб бериб келарди. Кўзини юмса, кўз олдида яна Сардор... Қиз ўзи ҳеч кимга тикилиб қарамайди, аммо агар у рассом бўлганида Сардорнинг ташқи кўринишини ҳаммадан ҳам аниқ -равшан чизиб бера оларди. Ахир уйда ёлғиз қолган пайтлари телефонидан синфдошлар гуруҳига кириб, Сардорнинг профилидаги расмларга тикилиб ўтиради. Сардор баланд бўйли, ўктам йигит. Юзи буғдойранг, қошлари билинар билинмас туташ, хиёл қирбурун, чаккаларида озгина ҳуснбузар.
Сабура синфдоши билан ақалли саломлашмагани учун ўзидан хафа бўлди, нима қилсин, яна гунг бўлиб қолди. Авваллари ҳам камгап қиз эдику, аммо ўша машъум кундан кейин ҳаяжонланса умуман гапира олмайдиган аҳволга тушди.5-синфга чиққан йили онаси билан Отчопардан мактаб формаси харид қилиб, қайтишда таксига ўтиришди. Шофёр йигит бир зум телефонга чалғиди чоғи, ҳаммаёқни машиналар сигналининг баланд овози тутиб кетди. Тумонат тўпланди. Сабуранинг овози чиқмай қалтироқ тутди. Онасининг ҳамда шофёр боланинг устига анчадан сўнг оқ мато ёпиб қўйишди. Эндигина 11 ёшга тўлган қизалоқ мусибатни тушуниб унсиз, титраб йиғлади.
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi