Ҳижолат
Қиш охирлаб қолган бўлишига қарамай ҳаво ҳар кунгидан ҳам совуқ. Маъмура оғир қадамлар билан ишдан уйга қайтаркан маҳалласи муюлишидаги дўкон олдида қадоқланган сув сотиб олаётган аёллар-у болаларни кўриб ҳайрон бўлди. Ахир, кун совуқ бўлса шунча сув нимага керак? Кейин ишхонада "чироқ ўчди" дейишгани ёдига тушиб, уйда сув бормикан деган ўй хаёлидан ўтди-ю, барибир олиб кетолмаслигини, доктор оғир кўтариш мумкинмаслигини қайта-қайта тайинлаганини эслади. Қолаверса, оғир нарса кўтариб кирса турмуш ўртоғи койишини ўйлаб, ўтиб кетаётганди."Ҳой, ҳой Маъмура тўхтанг,"-деган хитобни эшитиб, ўгирилди. Қараса, нариги кўчада турадиган Мактуба опа.Маъмура кўрмай қолганига ҳижолат бўлиб салом бериб сўрашишга оғиз жуфтлаганди ҳамки, "Яхши, яхши қўлингиз бўш экан, Гузалхонни келини тўртта ўн литрлик сув олганди,иккитасини олинг кўтаришиб кетасиз,савоб бўлади"-деб, атрофга мардонавор қаради.Маъмура дам ўзидан сал кичикроқ ёшдаги келинчакка,дам Мактуба опага қараб ўйланиб қолди.Минг ҳижолат билан:"Бироз тобим йўқроқ эди"-деди-ю,юзи қизиб, кўзларини олиб қочди.Яхшиям ораларида аҳволидан хабардор -маҳалладош ҳамкасби (унинг ҳам қўлида юк) бор экан, жонига оро кириб:"Маъмура юринг,йўлдан кириб қайнукаларини айтиб юборамиз, "-дея ҳижолатдан қутқарди.
Қадами баттар оғирлашиб ўйга толиб кетаётганини пайқаган ҳамкасби:"Биламан,ҳижолат бўлаяпсиз,ўйламанг,ҳаммани аҳволи ўзига маълум.Тавба ҳозиргина шу келинчакнинг қайнотаси дўкон ёнида турган келинини кўрса ҳам машинасини елдириб кетди", -деди.
Маъмура ўзига далда бериш учун айтилган бу сўзларни эшитса ҳам негадир енгил тортмади...
Маҳбуба Баҳодир қизи
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi