509-10-модда. Кассация инстанцияси судининг ажрими
Кассация инстанцияси судининг ажримида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) суд ишининг рақами, ажрим чиқарилган сана ва жой;
2) суднинг номи ва таркиби, ишни кўришда иштирок этган прокурор ва бошқа шахслар;
3) кассация шикоятини ёки протестини берган шахс;
4) биринчи инстанция, апелляция инстанцияси судининг шикоят ёки протест берилган ҳукмининг, ажримининг қарор қисми мазмуни;
5) шикоятнинг, протестнинг, кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этаётган шахслар эътирозларининг ва тушунтиришларининг моҳияти, шунингдек прокурорнинг фикри;
6) шикоят, протест бўйича кассация инстанцияси судининг қарори.
Шикоят, протест қаноатлантирилмай қолдирилганда кассация инстанцияси судининг ажримида ҳукм қонуний, асосли ва адолатли деб, биринчи, апелляция инстанцияси судининг ажрими қонуний ва асосли деб топилганлигининг, шикоят ёки протест эса қаноатлантирилмасдан қолдирилганлигининг асослари кўрсатилиши керак.
Ҳукм, ажрим бекор қилинган ёки ўзгартирилган тақдирда, кассация инстанцияси судининг ажримида қонуннинг қайси нормалари талаблари бузилганлиги ва бекор қилинаётган ёки ўзгартирилаётган қарорнинг асоссизлиги нимадан иборат эканлиги кўрсатилиши керак.
Кассация инстанцияси судининг ажрими суднинг тўлиқ таркиби томонидан имзоланади. Овоз беришда озчилик томонда бўлган судья ажримга имзо қўйиб, ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақлидир.
Кассация инстанцияси судининг ажрими суд мажлиси залида ўқиб эшиттирилади ва дарҳол қонуний кучга киради.
Кассация инстанцияси судининг ажрими ушбу Кодекс 497-31-моддасининг саккизинчи ва тўққизинчи қисмларида белгиланган тартибда ижро этилади.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz