509-8-модда. Кассация инстанцияси суди томонидан жиноят ишини кўриш чегараси
Кассация инстанцияси суди кассация шикояти, протестида баён этилган важлар билан чегараланмасдан, ишни барча маҳкумларга, шу жумладан шикоят бермаган ҳамда устидан шикоят ёки протест билдирилмаганларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширади.
Жиноят иши бўйича бир неча шахс ҳукм қилинган ёки оқланган тақдирда, суд кассация шикояти, протести берилмаган маҳкумларга ёки оқланган шахсларга нисбатан ҳукмни, ажримни бекор қилишга, башарти ҳукм, ажримнинг бекор қилиниши уларнинг аҳволини оғирлаштирса, ҳақли эмас.
Кассация инстанцияси судининг кўрсатмалари жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.
Кассация инстанцияси суди ишни янгидан апелляция тартибида кўриб чиқиш учун юбораётганда айблов исботланганлиги ёки исботланмаганлиги, у ёки бу далилларнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги, бир далилнинг иккинчисидан афзаллиги, жиноятнинг таснифи ва жазо чораси тўғрисида олдиндан хулоса чиқариб қўйишга ҳақли эмас.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz