497-6-модда. Апелляция шикояти, протести берилганлиги тўғрисида хабар бериш
Ҳукм чиқарган суд апелляция шикояти, протести берилганлиги тўғрисида маҳкумни, оқланган шахсни, уларнинг ҳимоячиларини, қонуний вакилини, жабрланувчини, унинг вакилини, шунингдек фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни, уларнинг вакилларини агар шикоят, протест уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, хабардор қилади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга шикоятнинг, протестнинг кўчирма нусхалари ёхуд ҳукм чиқарган суднинг интернет-ресурси орқали уларнинг электрон нусхалари билан танишиш мумкинлиги тўғрисида хабарнома юборилади. Бунда тарафларга шикоят, протест юзасидан ўз эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида бериш ҳуқуқи уларни тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда тушунтирилади. Шикоят, протест устидан келиб тушган эътирозлар ишга қўшиб қўйилади.
Тарафлар апелляция шикоятига, протестига доир эътироз билан бирга алоҳида ҳолда янги материалларни тақдим этишга ёхуд уларни талаб қилиб олиш ва текшириш, шунингдек ўзлари кўрсатган жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни судга чақириш ва сўроқ қилиш ҳақида илтимоснома беришга ҳақли.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz