385-модда. Айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан келган жиноят иши юзасидан прокурорнинг қарори
Прокурор ёки унинг ўринбосари айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан келган жиноят ишини кўпи билан беш суткада кўриб чиқиши ва қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши шарт:
1) ишни судга юбориш учун асослар мавжуд деб топиб, айблов хулосаси ёки айблов далолатномасини тасдиқлаш;
2) ўз қарори билан айблов мазмунидан айрим бандларни чиқариб ташлаш, енгилроқ жиноятни назарда тутувчи қонунни қўллаш ва шу ўзгартиришлар билан айблов хулосаси ёки айблов далолатномасини тасдиқлаш;
3) қўшимча тергов ўтказиш учун ишни ўз кўрсатмалари билан суриштирувчи ёки терговчига қайтариш;
4) суриштирув ўтказилган жиноят ишини терговга тегишлилик қоидалари бузилганлиги аниқланган ёки ушбу Кодекснинг 381-5-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда дастлабки тергов органига ўтказиш;
5) ишни юритишни тўхтатиш;
6) ишни тугатиш;
7) амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш.
Башарти айбловни тўлдириш ёки уни оғирлаштириш томонига ёхуд ҳақиқий ҳолатларга кўра аввалги айбловдан жиддий фарқ қиладиган томонга ўзгартириш талаб қилинса, прокурор ёки унинг ўринбосари қўшимча ёки ўзгартирилган айб эълон қилиш учун ишни қўшимча терговга қайтаради.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz