355-модда. Терговчилар гуруҳи раҳбарининг ваколатлари
Гуруҳ раҳбари бўлган терговчи жиноят ишини ўз юритишига қабул қилиб олади ва дастлабки терговнинг умумий йўналиши ва пировард натижаси учун, шунингдек жиноят процессининг шу босқичида бажариладиган ҳар бир ҳаракат ва қарорнинг қонуний ҳамда асосланган бўлиши учун тўла жавобгар бўлади.
Гуруҳ раҳбари бўлган терговчи:
1) ишни ўзи раҳбарлик қилаётган терговчиларга тақсимлаб беради, уларнинг ҳар бири бажарадиган иш қисми ёки тергов йўналишини белгилайди, айрим тергов ҳаракатлари бажаришни топшириб, уларни ижро этиш муддатини белгилайди;
2) шахсан ўзи тергов ҳаракатларини бажаради ва раҳбарлиги остидаги терговчилар ўтказаётган айрим тергов ҳаракатларида иштирок этади;
3) қарорлар чиқаради, шу жумладан шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимосномалар қўзғатиш, ишни тўла ёки унинг бирор қисмини тугатиш ёхуд тўхтатиш ҳақида қарорлар чиқаради;
4) прокурорнинг кўрсатмалари ижро этилишини таъминлайди, ушбу Кодекс 36-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ишни ўз эътирозлари билан бирга юқори турувчи прокурорга юборади;
5) терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларга ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга тергов ҳаракатларини ёки тезкор-қидирув тадбирларини олиб бориш тўғрисида топшириқлар ва кўрсатмалар беради, шунингдек улардан терговчилар бажараётган тергов ҳаракатларини ўтказишда ёрдам беришни талаб қилади, ўз топшириқлари, кўрсатмалари, талаблари бажарилиши устидан назорат қилиб боради;
6) жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш чоралари тўғрисида тақдимномалар юборади;
7) айблов хулосасини тузади ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқаради ва тасдиқлаш учун уларни иш билан бирга прокурорга юборади ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш ҳақида прокурорга тақдимнома киритади.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz