241-модда. Эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят бериш ва протест билдириш
Эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан терговни назорат қилаётган, уни бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли бўлган прокурорга шикоят берилиши мумкин. Прокурор шикоятни олган пайтдан эътиборан уч сутка ичида уни кўриб чиқиши ҳамда шикоят берган шахсни ўз қароридан хабардор этиши шарт.
Суриштирув ёки дастлабки тергов босқичида қамоққа олиш, уй қамоғи, гаров тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш ҳақидаги ёки қамоқда сақлаш, уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги ёхуд уй қамоғи бўйича қўшимча тақиқ (чеклов) белгилаш ҳақидаги масала юзасидан суднинг ажрими устидан мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида шикоят берилиши, протест билдирилиши мумкин. Шикоят, протест ажрим чиқарган суд орқали берилади, ушбу суд уларни йигирма тўрт соат ичида материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Апелляция инстанцияси суди мазкур материалларни улар шикоят ёки протест билан бирга келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши керак.
Шикоят ёки протест берилиши эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги масала бўйича қарор ижросини тўхтатиб қўймайди.
Сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахс мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрим устидан у тегишли ваколатли органга келтирилган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz