187-4-модда. Тадбиркорлик субъектларини тафтишдан ўтказиш шартлари
Тадбиркорлик субъектларини тафтиш қилиш юридик хизмат вакиллари ва (ёки) жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъекти мазкур ҳуқуқдан воз кечган ҳоллар бундан мустасно) ўтказилади.
Юридик хизмат вакилининг иштирокидан ва (ёки) адвокатнинг юридик ёрдамидан воз кечиш тафтишнинг кейинги босқичларида тадбиркорлик субъекти томонидан уларни жалб этиш учун тўсиқ бўлмайди.
Тафтиш ўтказувчи шахс тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг тафтиш ўтказишда иштирок этишга юридик хизмат вакилини ва (ёки) адвокатни жалб этишга ёхуд уларнинг иштирокидан воз кечишга бўлган ҳуқуқини тафтиш ўтказиш бошлангунига қадар ёзма шаклда тушунтиради ва бу ҳақда баённома тузилади.
Агар тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахси ёки вакили томонидан юридик хизмат вакилини ва (ёки) адвокатни жалб этиш нияти билдирилса, тафтиш ўтказишнинг бошланиши юридик хизмат вакили ва (ёки) адвокат етиб келгунига қадар, бироқ кўпи билан йигирма тўрт соатга тўхтатиб турилади.
Юридик хизмат вакилининг ва (ёки) адвокатнинг йигирма тўрт соат ичида етиб келиш имконияти бўлмаган тақдирда, тафтиш уларнинг иштирокисиз бошланади.
Тафтиш ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи қуйидаги ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши тадбиркорлик субъектини тафтишдан ўтказишнинг мажбурий шартидир:
тафтиш тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим;
ваколатли органнинг тафтиш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи;
тафтиш ўтказувчи шахснинг хизмат гувоҳномаси;
тафтишга рухсат бериш тўғрисидаги махсус гувоҳнома.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz