🖼Вашингтонда Ҳусайн Бойқаронинг нодир миниатюраси топилдиЎзбекистон маданий меросини ўрганиш ва оммалаштириш йўналишидаги изланишлар натижасида Султон Ҳусайн Бойқаронинг сурати акс этган яна бир миниатюра аниқланди. Бу асар айни пайтда АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги Осиё санъати Миллий музейида сақланмоқда. Миниатюра шартли равишда "Ҳусайн Бойқаронинг тож кийиш маросими" деб номланиб, у 1469 йилда рассом Мансур Мусаввир томонидан чизилгани тахмин қилинмоқда.
Ҳусайн Бойқаронинг ҳукмдорлик даврида илм-фан, адабиёт, мусиқа ва тасвирий санъатнинг ривожи алоҳида аҳамият касб этган. Унинг даврида Мирак Наққош, Камолиддин Беҳзод каби усталар ўз асарлари билан танилган. Ҳусайн Бойқаро шахсига нисбатан ҳурмат туфайли унинг суратлари ва портретлари кўплаб асарларда акс эттирилган.
Мазкур миниатюра ҳукмдорга тож кийдириш жараёнини тасвирлайди. Унда Султон Ҳусайн Бойқаронинг ёшлигидаги қиёфаси, сарой аъёнлари, шоир ва алломалар, жумладан, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳам тасвирланган. Ҳусайн Бойқаронинг маданий ҳомий сифатидаги ролини таъкидловчи ушбу асар ўз даврининг барча расм-русумларига мувофиқ ишланган.
Миниатюрада ҳукмдор шоҳсупада ўтирган ҳолда кўрсатилган бўлиб, унинг чап томонида шаҳзода Бадиуззамон Мирзо, ўнг томонида эса Абдурраҳмон Жомий қўлида китоб тутиб турган ҳолда акс эттирилган. Ҳукмдорга яқинда турган қора яктакли ва оқ саллали шахс Навоий бўлиши мумкин. Унинг бу ғалаба муносабати билан Самарқанддан Ҳиротга боргани ва “Ҳилолия” қасидасини ёзгани маълум.
Ҳозирги кунда Ҳусайн Бойқаронинг турли ҳолатларини акс эттирган ўндан ортиқ миниатюралар дунёнинг турли музейларида сақланмоқда. Ушбу янги аниқланган асар эса нафақат тарихий, балки санъатшунослик аҳамиятига ҳам эга бўлиб, тадқиқотчилар томонидан чуқурроқ ўрганилиши керак. Бу асар орқали Ҳусайн Бойқаро шахсияти ва унинг маданий меросга қўшган ҳиссаси янада ёрқин намоён бўлади.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
📱 Telegram 📱 YouTube 📱Instagram 📱Facebook 📱 Web-site