#Kapalak_umri
Капалак умри
(4-қисм)
—Сизда гапим бор...
— Гапир!
— Битта қиз бор, ойи, шу бир кўрасизми дегандим. Сизга ёқади...
Эътибор яна тўй қилиш, яна иззат-икром кўриши ҳақида ўйлаб ҳаяжонланиб кетди. Яна битта келин келади, янгича ҳиссиётлар пайдо бўлади!
—Манзилини айт.
Ўғли хурсанд бўлиб кетди. Бунчалик осон битади деб ўйламаганди. Ўрнидан туриб кета бошлади
— Элдор! Тўхта. Қизнинг ота-онаси нима иш қилади?
—Отаси йўқ, онаси билан ўзи бизнинг қаторда савдо қилади.
Эътибор эрига ўғлининг таклифини айтди. Ёрқин ўйланиб қолди.
—Шошмай турганимиз маъқулмикан, онаси. Ўзи Саъдулланинг тўйидаги қарздан энди қутулдик. Яқинда бешик тўй, ақиқа қилдик.
—Бувим раҳматлик айтардилар: "Тўй қилган, уй қурганга Аллоҳ ўзи ғойибдан беради",-деб. Худо берардан қўймасин. Ман, аввал бир бориб кўрай, ҳали ёқадими, йўқми? Бўладиган оилами?
—Майли, ўзинг биласан. Ҳар доимгидек таслим бўла қолди Ёрқин. Хотини, барибир, айтганидан қолмайди.
Эътибор келини тайёрлаб қўйган кўйлакларини кийиб совчиликка отланди.
Элдор ҳам савдога чиқмади. Одатда Саъдулла минадиган оиланинг ягона улови бугун Элдорнинг ихтиёрида. У онасини Мумтоз яшайдиган маҳаллага олиб кирганида яқин атрофдаги масжиддан азон овози эшитилаётган эди.
Ҳали бўёқ теккизилмаган дарвозадан кириб бордилар. Ҳовлининг тўридан каттагина иморатнинг пойдевори қурилган экан, Эшикдан кираверишда—ўнг томонда пастқамгина эски иморат. Ҳовлига мўл-кўл сув сепилган. Райҳонлар, атиргуллар барқ уриб ўсиб ётарди.
Эътибор дарвозани аста тақиллатди. Ичкаридан ўрта бўйлик, дўмбоққина аёл шошилмай чиқди. Салом берди, кўришдилар.
Уй оддий эди. Эътибор аввалги қудасининг ҳашаматли ҳовлисига кириб боргандаги кўнглига қўнган фараҳбахшлик туйғусини ҳис қилмади, шунданми, чиройи очилмай, ўз-ўзидан қовоғи солиниб кетаверди.
Дастурхон ҳам оддий эди, совчи кутаётган аёл ҳам...
—Турмуш ўртоғим яхши одам эдилар. Ҳаётлик чоғида ҳеч қийинчилик кўрмадим, учта қиз билан ташлаб кетдилар. Ўшанда "Энди нима қиламан? Бу қизларни қандай катта қиламан!" деб кечалари кўзимдан уйқу қочиб кетарди, худога шукур, бировдан олдин, бировдан кейин, юрибмиз...
Аёл самимий эди. Гаплари ҳам, нигоҳлари ҳам.
—Қизингизни кўрсам дегандим. Аёлнинг гапини бўлди Эътибор беписандлик билан.
—Ҳа, ҳа, албатта...
Эшикдан оддий узун кўйлак кийган, ўртадан баланд бўйлик, оппоқ юзида қош-кўзлари порлаб турган,сатрланган гўзал бир қиз кириб келди.
Қизнинг ранги ўчиб турарди. Эътибор кўришаётиб қизнинг ҳаяжондан қалтираб турганини сезди. Ажаб шу ҳолат ҳам унинг ўзини янада баландроқ олишга ундади.
— Тўй қилишга тайёрмисиз? У атрофга кибрли нигоҳ ташлади.
— Етса молим, етмаса жоним, опа. Тенги чиқса узатаман, сингиллари ҳам етилиб турибди...
Эътибор ўғлининг "Ёқдими?" деган саволига истар-истамас "Йўқ!" деб жавоб берди.
Элдор боргунча бошқа савол бермади. Бу иш онаси билан битмайди, яхшиси, отаси билан гаплашади...
Аммо отасига айтишга улгурмай, бошқа ишлар бошланиб кетди.
Ота-болалар анчадан буён Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган аёллар либосини сотадилар. Шу цех бирдан нархларни ошиб юборди. Ёрқин ўғилларига маслаҳат солиб тикув цехи очишга келишиб олдилар. Ишни озгина дастмоя билан вилоятда очадиган бўлдилар. Вилоятларда Тошкентга нисбатан ишчи кучи арзонроқ. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун Тошкент вилоятининг чекка қишлоғи танланди. Ижарага арзонгина уй ҳам топилди. Саъдулла оиласи билан кўчиб кетадиган, Элдор уйланадиган бўлди.
Элдор танлаган қиз ёқмаганлигини айтган Эътиборга қарата Ёрқин якуний сўзини айтди.
— Сенга, барибир, ҳеч ким ёқмайди, яшайдиган ўғлинг. Бориб гаплашиб кел. Бўлмаса, ўзим борай.
Эътибор яна совчиликка борди, аммо бу сафар қиз Элдорга турмушга чиқмаслигини маълум қилди. Сабаби битта эди: Йигитнинг намози йўқ экан. Қиз бенамозга тегмасмиш!
Эътиборнинг жаҳли чиқиб келди. "Сенга ким қўйибди эр танлашни. Шу аҳволингга эр чиққанига рози бўлиб тегиб кетавер!"
Элдор ўзгариб қолди. Қизни бир-икки марта дўконда кўрган. Ўшанда ҳам кўзига боқмаган эди.
У қизнинг ўзи билан бир гаплашиб кўришни ният қилди...
(давоми бор)
Феруза Салходжаева
@ijod_sehri21
https://t.center/ijod_sehri21