Kok_teragim
Кўк терагим
10-қисм
Баҳодир ака машинасига ўзининг китобларидан солиб юрар, адабиётни сал тушунадиган одам бўлса ҳам китобларидан бирини олиб, дастхат ёзиб берарди...
Турмуш ўртоғим ҳар сафар хотираларини "Ўғлимиз шу одамга ўхшасин", деб якунлайдилар.
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда фаолман. Бир ҳамкасбим ажойиб ўқитувчи-ёзувчини кашф этганлиги ҳақида гапириб туриб
—"Ижод сеҳри" га уланиб олинг. Дурдона Собитхўжаева деган аёлнинг канали, ўзи ёзади", —деб қолди. Дурдона исми қалбимга бошқача кириб келди.
Балки бу, ўшадир, ўртоғимдир.
Ё, Аллоҳим! Ҳаяжонланганимдан қўлларим қалтираб канални кузата бошладим. Ҳамма жойда Турбат, Турбат...Мен адашмаган эдим. Бу ўша —Дурдона! Бир пайт Баҳодир ака билан Ҳуррият опанинг суратига кўзим тушди. Остида эса "Отам раҳматлик" деган ёзув бор эди. Воҳ. Шундоқ одам оламдан ўтдими? Турбат ҳувиллаб қолгандир?
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Аллоҳ раҳмат қилсин.
Дурдона отаси билан фахрланарди, бу мусибатни қандай кўтарди экан?
Канални бошидан йиғлаб-йиғлаб ўқиб тушдим. Ҳаёлан Дурдона билан Турбат кўчаларини сайр қилдим. Яна йиғладим. Ҳаётда ўрнимни топишимга сабабчи бўлган бир олийжаноб инсонни эслаб йиғлайвердим. Болаларим хайрон. Орадан икки кун ўтиб "Ижод сеҳри" канали админига ёздим.
Жавоб кўп куттирмади. Биз муаллиф билан Кўк теракларимизни эсладик, йиғладик. Бир лаҳза бўлса ҳам болалик кунларимизга қайтдик.
Дунёда тасодифлар бўлмайди Аллоҳнинг ҳар ишида буюк ҳикмат бор.Баъзи одамлар ўзидан кечиб, ўзгалар ҳаётини обод қилиш учун яшайдилар. Бизнинг оталаримиз шундай эди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам эрта вафот этиб кетдиларми?
Беихтиёр ёдимга Лутфийнинг
"Аёқингға тушар ҳар лаҳза гесу,
Масалдурким: “Чироғ туби қоронғу"
деган байти келди.
Ҳа, чироқ атрофни ёритади-ю, ўзи ич-ичидан адо бўлади...
Бу ҳам Аллоҳнинг иродаси.
Баҳодир ака Дурдона ўқитувчи бўлишини истамай аразлаганида бир гапни айтган эди.
"Дурдона, унутма, ўқитувчи бўлиб ҳам яхши асарлар ёза оласан, сенда Худо берган иқтидор бор. Аммо ёзувчи бўлсанг, ҳеч қачон мактабда дарс беролмайсан! Ўқитувчидан ёзувчи чиқади, аммо ёзувчи ўқитувчи бўлолмаслиги мумкин"
Дурдона уддалабди!
Бир куни катта ўғлим эшикдан бир кампирни етаклаб кирди. Уст боши бир аҳволда, аммо қадди тик эди унинг.
—Ойи сизни сўраяпдилар.
"Ман Норпошшаман, онангман", деди аёл. Ажаб ҳеч бир илиқлик, хурсандчилик туймадим. Ҳеч бир пушаймонлик йўқ эди у нигоҳларда. Нимани гаплашаман.
Аёл ўтириб-ўтириб кетишга чоғланди. Шунда Баҳодир
—Ойи, бувимни олиб қолинг, ўзим қарайман уларга,—деди.
Кўзимга ёш келди. Қиз боланинг ўғли ўз отасига ўхшайди, дейдилар, ўғлимда бағрикенг отамнинг кўнгилчанглигини кўриб турардим. Шу билан бирга унда исми қўйилган бир олийжаноб инсоннинг тантилигидек мардлик ҳам бор эди...
Шундай қилиб онам бизнинг уйимизда қолди. Кетма-кет келинлар олдик. Энди онам келинларимга насиҳат қилиб ўтирадилар. Худди орадан ҳеч нарса ўтмагандек. Кўз тегмасин, соғлом, гаплари ҳам тетиккина. Гарчи истамасам ҳам ўзимни мажбурлаб яхши гапираман, меҳрибон қиз ролини ўйнайман. Баъзан ўзимдан, ўз ёлғонларимдан нафратланиб кетаман. Баъзида ҳаммасини—она меҳрига зор бўлганларимни, ёш бошимга одамларнинг таъна-дашномларини кўтарганимни гапириб ташлагим келади. Барибир, юрагимда ўша зарбалар, жароҳатлар қолганлигини айтишни истайман. Ич-ичимдан" Нега онам эмас, отам ўлди",— дея шаккоклик қила бошлайман, аммо кейин тавба қиламан, кечириб юборишга уринаман. Ҳеч нарса демайман. Онамни кечираман. Нима қилай ахир, томиримда отамнинг қони айланиб юрган бўлса!
Мана яна бир тонг отиб келяпди. Замон акам билан эккан теракларимиз орти ёришиб келмоқди. Тонгни шу кўм-кўк, шовуллаб турган теракларимдан дуо олиш билан бошлайман. Бу азамат дарахтлар ўзбекнинг оталарига ўхшайди. Дуогўй, меҳрибон...
Яна шуни биламанки, қизи бор оталар ўлмайди. Шунчаки қалбларга кўмиладилар холос.
Уларнинг дуолари эса тўрт томонимизни қўрғондек ҳимоя қилади, бажарган эзгу амаллари ортимиздан омад бўлиб қувиб юради.
(тугади)
Феруза Салходжаева
@ijod_sehri21
https://t.center/ijod_sehri21