#yangisidan_borОДАМЗОТ БОҒИБошингни болишга қўйган заҳоти,
Сирлар оламига айлайсан сафар.
Баъзида тушларинг кечар ғалати,
Кезгайсан Ердан то Коинот қадар.
Бир кеча туш кўрдим, илғадим равшан,
Улкан ўрмон эмиш чексиз адоғи.
Пештоқида гажак ҳарфлар билан
Ёзиб қўйилганмиш: “Одамзот боғи”.
Воҳ, сесканиб кетдим.
Бу қандай макон?
Наҳотки, бариси рост бўлса, ҳайҳот!
Томоша боғига ошиқар шодон,
Бир-бирин етаклаб гавжум ҳайвонот.
Филлар сичқонларга этар такаллуф,
Шерлар кийикларга кўрсатар шафқат.
Ҳамма бир-бирига йўл бўшатар-у
Ҳамма бир-бирига беради навбат.
Кейин бошланади қафаслар қатор,
Панжара ичида топталар нажот.
Маймунлар мазахлаб егулик отар,
Томоша кўрсатар банди одамзот.
Улар турфа эди, адоқсиз эди:
Турфа феъл, турфа юз,
турфа тан-бадан.
О, улар ким эди, саноқсиз эди...
Биров пичирлади: “кечган тавбадан!”.
Бирдан ич-ичимни босди ваҳима,
Терладим, жунжикдим, беҳол увишдим.
“Одамзот боғи”дан – минг саросима,
Сўнгра мен ўзимни излашга тушдим.
Тўрдан ташқарида чиқмади номим,
Сен билан бир сафда эдим, одамзот!
Бундан қувонайми, бундан йиғлайми,
Менинг ҳам кўксимда бўзлайди нажот.
Уйғониб кетаман шу он, билмайман,
Бўғзимдан отилиб кетади юз оҳ!
Сен қайси саволга жавоб излайсан,
Мен қайси жавобга истайман изоҳ?
🖌Фахриддин Ҳайит
🗓2025 йил 11 январь📎https://t.center/faxriddinhayit