Бизга мафкура албатта керак!Бизда мафкурага қарши "аллергия"нинг пайдо бўлиши иттифоқ қулаб, коммунистик идеология диктати барҳам топган йилларга тўғри келади. Айнан ўша йиллари" қизил идеалогияга"га бўлган ўтли нафрат умуммаънода мафкура истилоҳига нисбатан ҳам инкорни шакллантирди.
Ва бу ўжар кўзқараш давлатимизнинг Бош қонунида ҳам акс эттирилдики, унга кўра, ҳеч қандай мафкура давлат мафкураси сифатида қўлланилмайди. Лекин нафсиламрини айтганда, мафкурасиз, ғоясиз яшаш мумкинми, ўзи, қолаверса, мафкура мафкурадан фарқ қилади, деган гап тўғрими, нотўғрими?!
Назаримда, бизда шу жиҳатлар чуқур ўйланмади. Дастлабки йилларда мафкура ўрнига турли ғоялар, масалан, миллий истиқлол ғояси, юксак маънавият енгилмас куч, деганга ўхшаш панд-насиҳатга йўғрилган нималардир "яратилди".
Аммо улар ишлаб кетмади. Нега? Чунки моҳият эътибори билан бу фикрлар тўплами глобал интеллектуал тафаккур қаршисида ҳийла ожиз эди. Очиғи, уни замонавий дунё тамаддуни мантиғига солиб қараганда, ўртамиёнадан ҳам анча пастда турувчи миллий адабиётимизнинг ўртамиёнагина вакиллари ҳукумат қироатхоналарида "ижод" этган эдилар.
Бу гапларга бу йил Жамшид Қўчқоров таъбири билан айтганда, 34 йил бўлади. Шунча йилдан буён турли, "дежурний" ғоялар билан яшаб келяпмиз. Жамиятни бирлаштирадиган, бир йўлда сафарбар эта оладиган ҒОЯ мудом кўринмайди.
Атрофимиздаги йирик қудратлар, метрополияга айланишга шайланаётган кучлар ва анъанавий "оға" лар ҳақида нафақат қарши гапириш, ҳатто, уларни шубҳа остига олиш ҳам сиёсатга душманлик ёки деструктив-бузмакорлик деб малакаланади. Дейлик, мамлакатда рус тили мактаблари кўпайиб кетмоқда ёки хитойликларга кўпам ишониш яхши эмас, дея шахсий фикр билдириш ва яна Олий Мажлисда "йўқолиб қолган" тил ҳақидаги қонун лойиҳасини сўраш, жиддий туриб талаб қилиш ҳам бизда нохуш кайфият уйғотади.
Бунданам даҳшатлиси, биз ишониб юрган кўп-кўп сиёсий мулозимларнинг маънавий кумири миллий қаҳрамонларимиз Буюк Темур, Жалолиддин ёки Шайбонийхон эмас, Рамзан Қодиров экани тобора ойдинлашаётгани кўнглингни безовта қилади. Майлики, у Шимолий Кавказнинг афсонасига айланган, бир пайтлар жасоратидан таъсирланиб, Толстой "Ҳожимурод" асарини ёзган имом Шомил ёки Дудаевдай миллий қаҳрамон бўлсаям бошқа гап.
Қодиров ким? У бугун миллий етакчидан кўра кўпроқ Путиннинг солдатига ўхшайди...
Майли, ҳозир гап кавказликлар эмас, балки ўзимиз ҳақимиздадир. Бугун бизга мафкура албатта, керак. Жамиятни сафарбар қила оладиган, халқни буюк мақсадларга йўналтира оладиган кучли мафкура. Бунинг учун, назаримизда, ушбу соҳада авлодлар алмашинувига киришиш керак. Айни секторга ёш, дунёвий билимларни пухта эгаллаган, Ватан ва миллатни севувчи закий олимларни "тортиш" ва мафкуравий соҳада жамоани тўлиқ янгидан шакллантириш керак.
Албатта, буни шахсий мулоҳаза сифатида қабул қиласизлар, муҳтарам классик мафкурачи боболар!
@platformauzb