МоҳиРа “Қирқ биринчи кун”
ҳамма йўллар римга элтади. ўзбек адабиётида эса ҳамма йўллар насрга чорлайди, ҳатто ўқувчини ҳам. бугун ўзбек адабиёти катта наср учун уруғ бермоқчидек туйилади. навбатдаги изламда янги ёзувчилар борлиги одамни хурсанд қилади, шулардан бири МоҳиРа; унинг Қирқ биринчи кунини ўқиб чиқдим.
китоб 14 та ҳикоя ва эсселардан иборат, улар битта катта насрий асарни эслатиб юборади, чунки уларда битта одамни, битта кайфиятни, битта ритмни ҳис қилиш мумкин. бу кейинчалик романга асос бўлса ажабмас.
катена илдизга қайтишга уриниш. авлодлар ўз аждодлари устига чиққиб осмон тоқига қўл узатаётадилар, шу боис ҳар бир ижодкор ўз илдизига назар солиши бу яхши жараён. бундан катенага ўхшаган эссе-мактублар яралади.
китоб ном олган алоҳида ҳикоя: қирқ биринчи кун. у ўзида эврилиш элементини жо этган. нозима деган қизнинг умуртқасидан мана қирқ кунки, қанот ўсиб чиқяпти. бу маркеснинг улкан қанотли мўйсафид ҳикоясини эслатиб юборади, аммо маркесда мўйсафиднинг қаноти аввалдан бор эди, у бир ёмғирли тунда қулаб тушади, қирқ биринчи кундаги нозима эса "касал". у одамнинг янги эволюцияси, қанотли варианти.
муаллиф воқеа нимадан бошлангани ҳақида гапирмайди, нозима улкан илмий-тиббий марказнинг еттинчи қаватида кенг ойнаванд хонасидаги катта кўзгуга тикилиб ўтиради. у елкасида кундан кун каттароқ бўлиб ўсаётган қанотларига қарайди, улар худди фариштаники каби оппоқ. аммо қиз қанотларни қабул қила олмайди, бу унинг учун худонинг неъмати эмас, аксинча, синови, жазоси. бу қанотлар уни маҳлуққа, доим ўрганиш зарур бўлган аллақандай лаборатория каламушига айлантирган. кейинроқ унинг ҳамшираси, ота-онаси муносабатидан ҳам худди шу фикр яққолроқ кўрсатилади. у бутун жамиятдан четлатилган, нафақат четлатилган, балки ихоталанган маҳлуқча ролини охиригача ўйнашни истамайди. аллақачон бу ҳолатдан зериккан, аввало у уйидагиларни соғинган, ва уларни кўриш бу ҳолатни ўзгартиради деб ўйлайди. аммо охир оқибат, у бу борада ҳам умидини узишга мажбур бўлади. у ҳаммадан кетганда, ёлғизликда қанотларини қабул қилади, улар унинг оёғини ердан узадилару, аммо узоқларга олиб кетмай, бир нуқтада муаллақ тутадилар.
ҳикоя ўз қанотларини қабул қилолмаётган қиз ҳақидамас. алоҳидалик бу эгонинг бир қисми, ҳамма ўзини алоҳида санайди бу дунёда. муаллифнинг бу ерда атроф муҳит одамга қандай таъсир қилиши ҳақидаги фикрлари берилади. у бир қизчага қанот ёпиштириб, унинг атрофидагилар қандай муносабат қилишларини кўрсатмоқчи. ахир бу қизнинг орқасидан ҳамма оёғи куйган товуққа ўхшаб югуряпти. ота-онаси: бу ёғи ўзбекчилик албатта; қанча профессорлар (улар илмда янгилик қилишмоқчи, ахир битта қизни орқасидан инсон эволюциясида янги одам боласи яратиб, тарихда қолса бўлади); юраги ярим йигит; қўни-қўшнилар; ҳатто меҳрибон ҳамшира ҳам. улар учун бу ненормалликнинг ортидан ўзига яраша минус ва плюслар ўсиб чиқяпти ва улар ўзининг фойдасига кўра ҳаракат қилишдан бошқа чораси йўқ. қизнинг охир оқибат учиб муаллақ қотишини ҳам шу билан асосласа бўлади, яъни у ўзига нисбатан бунақа муносабат билан учиб кетолмасди. бу меҳрсизлик, иккиюзламачилик ҳеч қайси одамни тепага кўтармайди, аксинча, ерга, шу одамлар ва шу жамият ичига михлаб қўяди.
ёзувчининг бошқа ҳикояларига тўхталиб ўтолмайман, аммо муҳим хусусият: жамият ҳақидаги хулосалари ҳақида гапирмасам бўлмайди. бу иккиюзламачиликка бўлган аёвсиз норизолик. яна оғриқлар, ҳа улар бироз бўрттиртлган каби кўринади менга, аммо оғриқсиз одам дардсиз кесак.
бу МоҳиРанинг иккинчи китоби, ўзи айтганидек бу ҳали бошланиши. унга катта парвозлар тилайман, қаҳрамони каби муаллақ қолмасин, учсин