-ки боғловчисини (юкламасини) ўринсиз қўлламанг
Олдинроқ бу боғловчининг имлоси ҳақида
ёзган эдим.
Мен жумла тузишда ва таҳрирда
-ки боғловчиси (юкламаси)дан иложи борича фойдаланмасликка ҳаракат қиламан. Чунки у баъзи ўринларда мутлақо кераксиз бўлса, баъзи ўринларда ўзбекчага хос бўлмаган ифода шакли пайдо бўлишига хизмат қилади. Албатта, у тилимиздан жой олиб бўлган. Ҳар доим ҳам унга ўгай кўз билан қарайвермаслик керак. У қаерда ўринли турганини тажриба ва сезим билан топасиз.
Масалан:
Билдимки, жумлани хато туздим.
👉 Бу гап хато ёки ғализ эмас. Лекин уни мана бундай кўринишда берган яхшироқ, ўзбекча ифодага мосроқ:
Жумлани хато тузганимни билдим.
Биринчи гап тузилиши ўзбек тилига хос эмас. Лекин баъзида маънони кучайтириш учун жумлани айнан шундай шаклда беришга тўғри келади:
Шундай хокисорлик билан сўрадики, рози бўлганимни билмай қолдим.
Бу жумлани
-ки боғловчисисиз ифодалаш мумкин, лекин бунда ундаги таъкид, урғу йўқолиб қолади:
Шундай хокисорлик билан сўраганидан рози бўлганимни билмай қолдим.
Шундай хокисорлик билан сўрагани сабабли рози бўлганимни билмай қолдим.
Бундай ҳолатларда биринчи
-ки қатнашган вариантни қолдириш керак.
Юклама бўлиб келган ўринларда ундан бемалол воз кечиш мумкин:
наҳотки – наҳот, гўёки – гўё.
Наҳотки шуни тушунмасанг? – Наҳот шуни тушунмасанг?
Кимки, қаердаки, агарки каби сўзлар таркиби
-ки мутлақо ортиқча бўлса,
модомики, ваҳоланки, ҳолбуки, чунки кабиларда сўзнинг ажралмас қисмига айланган.
@oriftolib