View in Telegram
-ки боғловчиси имлоси Амалдаги имло қоидаларида бу боғловчи қай тарзда ёзилиши ҳақида гап йўқ. Лекин ўзбек тили грамматикасига оид китобларда у ўзидан олдинги сўзга қўшиб ёзилиши кўрсатилган. Амалиётда ҳам шундай: Ҳамма касал шундаки, сиз халқ кучига ишонмайсиз. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли. Ҳаётда шундай кишилар бўладики, қалб калити уларнинг қўлида. Ё. Шукуров, Халқ билан ҳамнафас. Эътибор берган бўлсангиз, юқорида -ки боғловчиси кесимга қўшилиб келяпти. Бундай ҳолатларда ундан кейин вергул қўйилади. Кесимга қўшилмаган ҳолатларда вергул талаб қилмайди: Кимки бунинг моҳиятини англамаса, хато қилади. Бу боғловчининг -ким кўриниши ҳам бор. Лекин бу шаклда қўллаш ҳозир эскирган: Ажабким, муқаддас нарсалар ёнма-ён бўларкан. Газетадан. Фиғонким, гардиши даврон айирди ўз диёримдан. Фурқат. 📌 Демак: Шундай гапирдики, ҳайрон қолдим. Шундай гапирди-ки, ҳайрон қолдим. Шундай гапирди ки, ҳайрон қолдим. ❗️ Мумтоз шеъриятда, баъзан ҳозирги замон шеъриятида ҳам -ки (ким) боғловчиси жумла бошида келадиган ҳолатлар учраб туради. Бунда у сўз каби ёзилади: Кишан кийма, бўйин эгма, Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!.. Чўлпон Ким, кучук бирла хўдукка неча қилсанг тарбият, Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами. Алишер Навоий Мен жумла тузишда ва таҳрирда -ки боғловчисидан иложи борича фойдаланмасликка ҳаракат қиламан. Насиб қилса, бу ҳақда алоҳида гаплашамиз. 🤔 Айтганча, баъзи китобларда -ки боғловчиси юклама деб берилган. Унинг боғловчи ёки юклама экани баҳс мавзуси эмас 🙃. Мақсад – имлосини ўрганиш. @oriftolib
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily