Эгаси йўқ муаммо: имлодаги чалкашликларга ечим керак
Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари тасдиқлангач, 1995 йили мактаблар учун қўлланма сифатида имло луғати нашр этилди. Кейинчалик 2013 йили 85 000 дан ортиқ сўзни ўз ичига олган ва ҳозирча ўзбек лотин алифбосидаги энг қамровли имло луғати босмадан чиқди. Икки луғатдаги бир неча ўнлаб сўзлар имлосида фарқ бор. Шу сабабли фойдаланувчилар орасида турли тушунмовчилик ва чалкашликлар пайдо бўлган. 2013 йилги луғат чоп этилганига ҳам саккиз йил бўляпти. Лекин қайси луғатга асосланиш кераклиги ҳақида ҳалигача аниқ кўрсатма йўқ. Хўш, бу масалани ким ҳал қилиб беради? Давлат тилини ривожлантириш департаментими, ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтими ёки Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетими?
Бугун асосан иккита луғатга: 1995 йили “Oʻqituvchi” ва 2013 йили “Akademnashr” нашриётида чоп этилган луғатларга кўп мурожаат қилинади. Бироқ бу икки луғатда бир-бирини рад қиладиган ўринлар бор.
Жумладан, 1995 йилги луғатга sentabr, oktabr шаклида киритилган сўзлар 2013 йилги луғатдан sentyabr, oktyabr кўринишида ўрин олган.
Хўш, бу икки луғатдан қайси биридан фойдаланиш керак? Қуйида икки луғатда турлича ёзилган сўзлардан баъзилари билан танишиш мумкин:
1995 йилги луғатга кўра ёзилиши
Aluminiy
Brilyant
Budjet
Dirijor
Dujina
Duym
Glukoza
Kastrul
Kastum
Lustra
Miniatura
Parashut
Regulator
Rejissor
Verstka
2013 йилги луғатга кўра ёзилиши
Alyuminiy
Brilliant
Byudjet
Dirijyor
Dyujina
Dyuym
Glyukoza
Kastryul
Kostyum
Lyustra
Miniatyura
Parashyut
Regulyator
Rejissyor
Vyorstka
Айни дамда Миллий ўқув дастури бўйича
дарсликлар янгитдан ишланяпти. Бу жараёнда қайси бир луғатдан фойдаланиш масаласи кўндаланг турибди. Шу пайтгача чиққан аксарият дарсликлар 1995 йилги луғатга асосланган. Ўқитувчилар ўн йиллар давомида ўқувчиларга сўзларни
sentabr, oktabr, budjet, miniatura, drijor шаклида ёзишни ўргатиб келган. Аммо 1995 йилги луғатдан давомли фойдаланиш ўзини оқламайди. Чунки унда сўз кам. Оддий
natyurmort, kompyuter каби сўзлар киритилмаган. Ҳолбуки, ҳозир бу тушунчалар билан ўқувчилар биринчи синфдаёқ танишяпти.
Нашрга тайёрланилаётган дарсликларда кўп сўзли ва нисбатан кейинги нашр бўлгани учун 2013 йилги луғатга асосланиляпти. Бироқ ҳали китоблар чоп этилмасиданоқ муаллифлар, тақризчилар, экспертлар ва амалиётчи ўқитувчилар ўртасида имло масаласида тушунмовчиликлар келиб чиқяпти. Уларга-ку бир амаллаб тушунтирса бўлади. Лекин эртага ўн мингдан ортиқ мактабда дарс бераётган бир неча ўн минглаб ўқитувчиларга, олдин сўзни бошқа шаклда ёзиб ўрганган ўқувчиларга қандай изоҳ бериш мумкин?
2013 йилги луғат чиққанига саккиз йил бўляпти. Ҳозирча энг катта, қамровли луғат – шу. Қайси луғатга асосланиш масаласи нега ҳалигача узил-кесил ҳал этилмаган, деган ҳақли савол туғилади. Саволнинг жавоби ҳозирча йўқ...
Ечимини кутаётган савол шу: дарслик ва қўлланмаларда қайси луғатдан фойдаланиш керак? Имло принципидаги чалкашликларда (
xilmaxillik, ketma-ketlik каби) қандай йўл тутиш зарур?
Тил масаласига масъул ташкилотлардан бу борада расмий жавоб кутамиз.
👉 Тўлиқ ўқиш
@oriftolib