Ҳижрий-шамсий йил ҳисоби
Бу йил ҳисоби қуёшнинг йиллик ҳаракат циклига қараб белгиланади. Давомийлиги Григорий календаридаги каби 365 ёки 366 кундан иборат. Йил 22 мартдан бошланади, кейинги йил бошлари эса 20, 21 ёки 22 мартга тўғри келади.
Қуёшнинг Ер атрофида йиллик кўринма айланиш даври тропик йил ҳисобланади. Ушбу йил Қуёш календарини тузишда асос қилиб олинади ва у шамсий тақвим (қуёш тақвими) дейилади.
Шамсия сўзи арабча
шамс – қуёш сўзидан.
Шамсия йили қуйидаги ойлардан иборат:
ҳут, ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадй, далв. Бу ойлар доимо йилнинг маълум бир вақтларида келади.
Миллий энциклопедияга кўра, Эронда ҳижрий-қамарий тақвим билан бир пайтда ҳижрий-шамсий тақвим ҳам қўлланади. Унда хронология ҳижрат кунидан бошланади, аммо йил узунлиги қуёш календари бўйича ҳисобланади. Йил боши сифатида баҳорги тенгкунлик – Наврўз куни олинган, ойлар эса буржлар билан деярли устма-уст тушади.
Айрим Шарқ мамлакатларида ҳам йил, ҳам ой асосий бирлик бўлган ой-қуёш календарлари қўлланади. Календар тарихида Умар Хайём таклиф қилган ислоҳот ҳам аҳамиятга молик. У ўша даврда амалда бўлган календарлар билан танишиб, улардаги камчиликлардан холи бўлган қуёш календарини ишлаб чиққан. Ушбу тақвим салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ томонидан жорий ҳам қилинган (Юлий календари бўйича 1079 йил 15 мартда). Аммо султон вафотидан (1092 йил) кейин амал қилинмай қолиб кетган.
Ўрта Осиёда янги услуб, яъни Григорий календари кенг оммалашгунга қадар
қамария ҳисоби ҳам, шамсия ҳисоби ҳам ишлатиб келинган. Шамсия ҳисоби бўйича йилнинг дастлабки кунларида Наврўз байрами ўтказилган.
@oriftolib