Ҳижрий-қамарий йил ҳисоби
Ҳижрий йил ҳисобига Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага кўчганлари, яъни ҳижратлари асос қилиб олинган. Шунинг учун номи ҳижрий тақвим дейилади. У қамария (ҳижрий-қамарий йил) ва шамсия (ҳижрий-шамсий йил)га бўлинади.
Ҳижрий қамарий йил ҳисоби милодий 638
йили халифа
Умар розияллоҳу анҳу буйруғи билан жорий этилган.
Миллий энциклопедияга кўра,
қамария бўйича йил ҳисоби 622 йилнинг 16 июли жума кунидан бошланиб, Ойнинг кетма-кет келган икки бир хил фазаси орасида ўтган вақт – синодик ой (29,530588 кун) даврига асосланган. 12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,3671 кундан иборат. Қамарий йилда 1, 3, 5, 7, 9 ва 11-ойлар 30 кундан, қолганлари 29 кундан бутун қилиб олинган.
Ҳижрий-қамарий йил ойлари:
муҳаррам, сафар, рабиул аввал, рабиул охир, жумодул аввал, жумодул охир, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввол, зулқаъда, зулҳижжа.
Қамарий йил тропик йилдан 10–12 кун қисқа.
Қамария ҳисоби Яқин ва Ўрта Шарқнинг кўп давлатлари ва бошқа баъзи давлатларда қўлланади.
Намоз вақтлари тақвими ана шу ҳижрий-қамарий йил ҳисобига мослаб ишлаб чиқилади. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари саналарини белгилашда ҳам ҳижрий-қамарий тақвимга асосланилади.
@oriftolib