ҚАЕРДАСАН, ОҚИБАТ?
Оқибатни кўрдингизми? Қаёқларга йўқолди?
Ёки биздан араздами, ўтган асрда қолди?
Жигар, қўшни, қариндошда бўлар эди оқибат.
Келинг, ўртоқ, шу ҳақида бирга қилайлик суҳбат.
Ўттиз, қирқ йил олдиндаги тўйларни кўп ўйлайман.
Эртакнамо хотирани ёш авлодга сўйлай ман.
Тўйдан бир хафта олдин келишарди холалар.
Аммалару опоқбуви, яна анча болалар.
Охорли оқ рўмоллар, кавуш, амиркон махси ...
Бизлар учун бошқача кўринарди барчаси.
Файз бериб, савлат тўкиб ўтирарди кексалар.
Учиб, қўниб бажарардик бирон юмуш айтсалар.
Тахорат сув бериларди ҳаммом йўқ эди у вақт.
Қўлларига сув қуймоқлик бизга эди катта бахт.
Кечқурунлар қатор ётиб эртак тинглардик роса.
"Ёрилтош", "Гўрўғли" ни тинглаб қилардик маза.
Маҳалладан олинарди лаган, чойнак, дастурхон.
Қирқ литрли самовару ош дамлашга дошқозон.
Стол учун узун тахта, ўриндиқ бўлар эди.
Темир оёқ, шолчалар маҳалла берар эди.
Қўни-қўшни ҳашар қилиб ҳовлига қиларди жой.
Кимдир сабзи тўғрайди, кимдир дамлар аччиқ чой.
Тонг саҳарда ош иси маҳаллани тутарди.
"Келинг, келинг" деб мезбон меҳмонларни кутарди.
Қўлма- қўл қилиб ёшлар лаганда узатар ош.
Ҳассакашлар қатор турар- кекса олдин, кейин ёш.
Ош қўлда ейиларди, ҳеч ким қошиқ сўрамас .
Дастурхонни ҳозиргидек гўшт, мевалар безамас.
Куёвнавкар келганда чучваралар тортардик.
"Бу пул кам! Қўшинг!"- дея. куёв сарпо " сотардик".
Автобусда сурнай саси, кетардик ёр- ёр айтиб.
Бугун бизга рухсат теккан, хеч ким кетмасди қайтиб
Қизни узатиб бориб. ётар эдик бир кеча.
" Туғди-туғди" , аллалар файзи эди ўзгача.
Ўша вақтлар машҳур эди халқ ичида бир мақол.
"Хотинингни урма, сўкма, келин баротга юбор!"
Бир хонада ётарди ўн, ўн бешта қариндош.
Бир кўрпача уч кишига, бир ёстиқда иккита бош.
Сақич, сочиқ ва совун патнисда кирар эди.
Сачиқ чайнаб аёллар суҳбатлар қурар эди.
Табаррук онахонлар думаларди ўринга.
Ҳаётий насиҳатлар қилишарди келинга.
" Эрингга итоат қил, ҳурматин қўй жойига.
Мехрингла айлан унинг Қуёшига, Ойига.
Асра молу мулкини. Шунда даврон сурасан.
Эрингни рози қилсанг аҳли жаннат бўласан.
Ҳар кирган, чиққанингда тўғрила оёқ кийим.
Остона- уй бошидир, саранжом тут, жон қизим.
Шу хонадон сеники, чиқар яхши деган от.
Туп қўйиб, палак отгин, қумдек сингиб, тошдек қот!"
Шу кеч чиллахонада кўп дуолар бўларди.
Ёшлар фарзандли бўлиб, тиниб- тинчиб кетарди.
Тонг чоғи сурнайчилар бошлашар эди салом.
Икки томон танишиб, қилишарди ачалом
Нонушта тортиларди: ширчой, қаймоқ, иссиқ нон.
"Тўққиз- тўққиз"ни олиб, сўнг кетардик уй томон.
Ҳозир тўйхонагамас, ресторанга борамиз.
Еб, ичиб, ўйнаб кулиб ўша ердан қайтамиз.
Уч- тўрт кун ётиш қайда, вақт етмайди бирровга.
Жигарлар узоқлашиб, ўхшаб қолди бировга.
Узун гапнинг қисқаси, оқибатни топинглар.
Қувинг, ушланг, қўйворманг, орқасидан чопинглар!
Мен сўзлаган тўйларга қилсангиз агар ҳавас.
Мен ҳам етиб бораман, бир оғиз айтсангиз бас.
Ҳозир тўйларни эслаб бир энтикдиз, биламан.
Неварамнинг тўйини худди шундай қиламан!
https://t.center/joinchat/CACwEUERDHP6Ikw7PyuNDw