#Намознинг_фазилатлариНамоз хатоларни ўчириб юборади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима деб ўйлайсизлар, бирортангизнинг эшиги олдидан ариқ оқиб ўтса, ўша ариқда ҳар куни беш марта ювинса, унда бирон кир жой қоладими?» дедилар. «Йўқ, асло кир қолмайди», дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Худди шунингдек, Аллоҳ таоло ушбу беш маҳал намоз билан кичик гуноҳларни кечириб юборади», дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Катта гуноҳлар кечирилиши учун эса тавба қилиш шарт.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Беш маҳал намоз ҳам, иккита жума намози ҳам (бир ривоятда икки Рамазон ҳам) ораларидаги гуноҳларга каффоратдир, фақатгина гуноҳи кабиралардан узоқ бўлинса» (Имом Муслим ва Термизий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таолонинг ҳар бир намоз вақтида нидо қилиб турадиган фариштаси бор. У фаришта: «Эй одам боласи, туриб, сизлар учун ёндирилган оловни ўчиринглар», деб нидо қилади» (Имом Табароний ривояти).
Бу ердаги оловдан мақсад гуноҳлар бўлиб, бу нидони «туриб, гуноҳларингизни ўчиринглар», деб тушуниш керак.
Абу Муслим Саълабийдан ривоят қилинади: «Абу Умома розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдим. У масжидда экан. Унга: «Эй Абу Умома, бир киши менга сенинг номингдан бир ҳадис айтди, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким яхшилаб, мукаммал таҳорат қилса: икки қўлини ювса, юзини ювса, бошига ва қулоғига масҳ тортса, сўнгра фарз намозига турса, Аллоҳ таоло унинг ўша куни оёғи билан юриб қилган, қўли билан қилган, қулоғи билан эшитиб, кўзи билан қараб қилган, қалби билан қилган гуноҳларини кечириб юборади» деганларини эшитган экансан», дедим. Абу Умома: «Аллоҳга қасамки, мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча марта эшитганман!» деди» (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир намоз олдидагининг (яъни намозхоннинг) гуноҳларини кечириб юборади», дер эдилар (Ҳайсамий ривояти).
“Энг шарафли уммат” китобидан.
Йиғлама дил