04:28.
00:03 – Эртага ҳам съёмка бор эди, Мунис. – режиссёрнинг ассистенти чиқиб кетаётганимда ортимдан шошиб айтишга улгурди.
Гапи томоғига тиқилганидан қўпол овози ингичга бўлиб қолди. Жуда уялиб гапираётгани сезилиб турипти, чунки соат 00:00дан ошди, чарчаганман, мазза қилиб дам оламан деганимда шу хабарни эндигина айтяпти.
Биламан, айб унда хам йўқ, у хам итдек чарчаган. Нега энди итдек?Шунча-ки юртимизни съёмкаларида ишлайдиган оддий одамдек чарчаган. Ах, ха, тўғри…итдек.
Хуллас, менга бу хабар ёқмаганини билдирмасликка ҳаракат қилдим. Ўзи съёмкаларда конфликт чиқарувчи одамлардан эмасман. Шу феълим учун ҳам продакшнлар мен билан ишлашни яхши кўришади. Улар мени профессионал деб ўйлашади, аслида эса шунчаки ўзимни ҳар қандай низога сарфлашни ёқтирмайман.
Бироқ ишдаги тартибсизлик ва нотўғри кетаётган системани кўрсам, жим туришни ёмон кўраман. Буни ҳамма биларди.
Ўша ингичка овоз билан, кўзлари умид билан мўлтираб, режиссёрнинг ассистенти ҳалигача ёнимда турибди.
Мен чуқур нафас олдим. Байрам яқинлашиб қолганини эсладим. Яна 1-2 сум ишлаб олсам, ёмон бўлмасди.
– Хўп, майли, кўришамиз, – дедим-да, кетдим.
Мана, бир йилдан бери давом этаётган проектим ҳам якунига етиб қолди.
Таксида уйга қайтаётганимда, бугунги кун ҳақида ўйлаб кетдим:
Сўнгги съёмка кунлари бўлгани учун ҳамма бир-бирига самимий сўзлар гапирди.
Бу худди уруш тугаганда аскарлар ўз юртига тарқалишидан олдин, тирик қолган шерикларига бирга босиб ўтган йўллари ҳақида сўнгги сўзларини айтишга ўхшарди.
Ҳар хил сўзлар эшитдим… партнёрларимдан, устозларимдан, ҳамкасбларимдан. Албатта, ҳаммаси самимий, ёқимли.
Энг ёдимда қолгани:
– Сен режиссёрсан. Менга сени фильмларингда чиқиш насиб қилсин.
Мухими гапнинг ўзида эмас, уни қандай айтилганида. Паузалар билан…Ишонч билан…Буни дарҳол ҳис қиласан.
Албатта, режиссёрлигимни ўзим ҳам биламан. Лекин онамнинг қорнидан тушган пайтларимда экранларнинг юлдузи бўлган одам, энди сенга оқара бошлаган сочлари билан тик қараб:
“Фильмларингда роль ижро қилишни истайман,” деса…
Бу ғурурланиш учун эмас…тўхтамаслик учун мотивация.
Менда бўлди. Эрталаб съёмкам бор. Хайр.
@moonabsurd