17-1-модда. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги
Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади.
Юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилади.
Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди, ушбу Кодекс 321-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.
Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, транспорт воситасининг мулкдори ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото- ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу Кодекснинг
271-моддасига мувофиқ тугатилади.
Тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигналлар билан яқинлашиб келаётган транспорт воситаларига уларнинг тўсиқсиз ўтиб кетиши учун йўл берган транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар фото- ва видеоқайд этишнинг махсус автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда, ҳайдовчиларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги охирги зарурат ҳолатларда содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу Кодекснинг
271-моддасига мувофиқ тугатилади.
Каналага уланиш
👉 @mjtk_uz