View in Telegram
ЎТМИШДАН ЭРТАКЛАР 2019 йил Австралияда ӯрмон ёнғинлари бӯлди Болаликнинг боғлари ёнди яшил қитъа ўрмонларидай, лабларимга май тутди ҳаёт — ўта аччиқ май. Шундан бери учолмадим бот, шундан бери кафтимдадир жон, оёғингга ёпишдим, ҳаёт, ўтдан қочган каоласимон. Одамларга боқдим умидвор, гарчи бари нораста, сабий, ҳар сув тутган касни билдим ёр, ташна, куюк кенгуру каби. Эсимдадир: апрелми ё май, тутун мисол ўсди зоримиз, яшил қитъа ўрмонларидай ёниб кетди буғдойзоримиз. Зир югурди отам тўрт томон, оғаларим чопди ёнига: ўт қўйганди қай бир мусулмон, мусулмоннинг дастурхонига. Отам сўкди, онам йиғлади, момом узоқ қарғади айтиб; оғаларим қора пайкалга бир дона дон сепмади қайтиб. Бир болакай ўлди ичимда, муштдек танда ўсди бир одам: буғдойзорга қўшилиб шунда ёнган эди болалигим ҳам. Энди мавзу — нон-сув, ризқу рўз, энди гўдак хаёллар абас, энди синчков боқиб турган кўз, бошқа эди, олдинги эмас. Ўша йили қишнинг бўрони лашкар суриб келганида тик, дориланган уруғлик донни тегирмонда тортиб егандик. Айтолмасман нонга навбат ҳам тингламоқни кас-нокасини... ўлчаб берар эди сўнг онам "магазиннинг буханкаси"ни. Унутмайман ўз ҳаққин отам итга элтиб ташлаган онни, еб қўйгандим ахир мен нодон Қоравойга аталган нонни. Эсимдадир яхмалак йўллар, ғичир-ғичир эски ароба, калиш, чопон, қизарган қўллар, темир сувдон — бўйим баробар. Маош нима билмасдик, шунча — ишласа ҳам қайдадир отам; иситмалаб йиқилмагунча айтмас эдик дардимизни ҳам... Кўпга келган тўйдир, меҳмондир, бари ўтди, бироқ, не қилай, болаликнинг боғлари ёнди яшил қитъа ўрмонларидай. Шундан, балки, тўлишган сабот қайғуни ҳам қаршилар тикка, ўтиш оғир аммо, эй ҳаёт, тирикликдан тирикчиликка... Димоғларни ёндирсин атр, ёндир, ҳаёт, ғамнинг барини, олов тутиб ёқиб қизартир келинларнинг тандирларини, бахтдан ёндир мудом кўзларни, кўнгилларни ёқсин муҳаббат, ўтга солиб тобла сўзларни... болаликни ёндирма фақат! Фақат шуни сўрайман, ҳаёт, тоза ҳислар ёнмасин дерман; шам ёқажак гугуртни, ҳайҳот, ёмонларнинг қўлига берма! Тошкент, 2020. © Мансур Жумаев
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily