84-модда. Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар
Қуйидаги ҳолларда шахснинг жиноят содир этилишида айблилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят иши тугатилиши лозим, башарти:
1) шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлса;
2) эълон қилинган амнистия акти содир этилган жиноят ёки шахсга дахлдор бўлса;
3) айбланувчи, судланувчи вафот этган бўлса;
4) шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлса;
5) шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича ишни тугатиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ажрими (қарори) ёки ваколатли мансабдор шахснинг жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёхуд ишни тугатиш ҳақида бекор қилинмаган қарори бўлса;
6) иш фақат жабрланувчининг шикояти билан қўзғатиладиган ҳолларда унинг шикояти бўлмаса, ушбу Кодекснинг 325-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
7) шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир этган пайтда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган бўлса;
8) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида шахснинг ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги туфайли ёхуд белгиланган муддат ичида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги ва (ёки) жиноят оқибатлари бартараф этилганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилган бўлса.
Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 3 ва 8-бандларида назарда тутилган ҳолларда, агар айбланувчи, судланувчи ёки вафот этган айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари талаб қилса, ишни юритиш умумий тартибда давом эттирилиши мумкин. Бундай ҳолларда ҳукм қилиш учун асослар мавжуд бўлса, айблов ҳукми жазо тайинланмасдан чиқарилади.
Жиноят содир этганидан кейин руҳий ҳолатининг ўз ҳаракатлари аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган даражада бузилиши юзага келган шахс тўғрисидаги жиноят иши ушбу Кодекснинг 61-бобида белгиланган тартибда айбдорлик ҳақидаги масала ҳал қилинмасдан тугатилади.
Жабрланувчи Жиноят кодексининг 661-моддасида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи билан ярашган тақдирда жиноят иши ушбу Кодекснинг 62-бобида белгиланган тартибда суд томонидан айблилик ҳақидаги масала ҳал қилинмасдан тугатилиши мумкин.
Жиноят иши қуйидаги ҳолларда шахснинг розилиги билан унинг айблилиги ҳақидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатилиши мумкин, башарти:
1) ишни тергов қилиш ёки судда кўриб чиқиш пайтига келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган ёхуд вазият ўзгариши оқибатида бу шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган деб эътироф этилса;
2) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса;
3) содир этилган қилмишнинг хусусиятини, биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганнинг шахсини ҳисобга олиб, материалларни вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга қараб чиқиш учун бериш мақсадга мувофиқ бўлса.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz