603-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган шахсни хорижий давлатга ушлаб беришни рад этиш
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган шахсни хорижий давлатга ушлаб беришга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди, агар:
ўзига нисбатан сўров келиб тушган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлса;
сўров юборилишига сабаб бўлган жиноят Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки Ўзбекистон Республикаси манфаатларига қарши унинг ҳудудидан ташқарида содир этилган бўлса;
сўралаётган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айни ўша қилмиш учун қонуний кучга кирган ҳукм ёки суднинг ажрими (қарори) ёхуд ваколатли мансабдор шахснинг жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги ёки уни тугатиш тўғрисидаги бекор қилинмаган қарори мавжуд бўлса;
сўров юборилишига асос бўлган қилмиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига кўра жиноят бўлмаса;
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ жиноят иши қўзғатиш мумкин бўлмаса ёки тугатилиши лозим бўлса ёхуд муддати ўтиб кетганлиги туфайли ёки бошқа қонуний асосга кўра ҳукмни ижро этиш мумкин бўлмаса;
сўралаётган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасида айни ўша қилмиш учун жиноят иши қўзғатилган бўлса;
ўзига нисбатан сўров келиб тушган шахсга уни сўраётган давлатда ирқи, диний эътиқоди, фуқаролиги, миллати, муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги ёки сиёсий эътиқодига кўра таъқиб этилиши мумкинлиги сабабли Ўзбекистон Республикасида бошпана берилган бўлса.
Сўралаётган шахсга нисбатан унинг йўқлигида чиқарилган ҳукмни ижро этиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш, агар ҳукм қилинган шахс ўзининг ҳимояга бўлган ҳуқуқини таъминлаш учун етарлича имкониятга эга бўлмаган деб ҳисоблашга асослар бўлса, рад этилиши мумкин. Агар сўровни юборган хорижий давлат ҳукм қилинган шахсга унинг иштирокида такрорий суд муҳокамаси ўтказилишига бўлган ҳуқуқни кафолатласа, ушлаб бериш амалга оширилади.
Агар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш амалга оширилмаса, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хорижий давлатнинг ваколатли органини рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади.