589-модда. Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани судга киритиш тўғрисидаги масаланинг прокурор томонидан кўриб чиқиш тартиби
Прокурор суриштирувчининг, терговчининг тақдимномаси асослилигини текшириб унга рози бўлган тақдирда, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёхуд жиноят иши билан бирга судга юборади. Прокурор илтимосномани терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёки жиноят иши унга келиб тушган кундан эътиборан беш суткадан кечиктирмай судга юбориши лозим.
Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномани судга юбориш учун асослар бўлмаган тақдирда, прокурор терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини суриштирувчига ёхуд терговчига қайтариш ҳақида асослантирилган қарор чиқаради. Прокурорнинг қарори устидан юқори турувчи прокурорга шикоят берилиши мумкин.