586-9-модда. Суднинг айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувни тасдиқлашни рад этиши ва жиноят ишини прокурорга юбориши
Суд айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги қарорни кўриб чиқиб, агар:
1) келишувни тасдиқлаш учун асослар мавжуд бўлмаса ёки келишувни тузишда процессуал қонунчилик талаблари бузилган бўлса;
2) суд келишувда назарда тутилган судланувчига қўйилган айбловда жиноятнинг малакаланишга тааллуқли шартларга рози бўлмаса;
3) судланувчининг айбдорлиги борасида судда асосли шубҳа туғилган бўлса;
4) тарафлар тузилган келишувдан воз кечса, келишувни тасдиқлашни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради ва жиноят ишини умумий қоидалар бўйича тергов қилиш ёки келишувни қайта кўриб чиқиш учун прокурорга юборади.
Суднинг ажримига судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), уларнинг қонуний вакиллари, ҳимоячи томонидан хусусий шикоят берилиши ҳамда прокурор томонидан хусусий протест келтирилиши мумкин.
586-10-модда. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув бўйича суд ҳукмини чиқариш
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув бўйича айблов ҳукми ушбу Кодекснинг 54-боби талабларига мувофиқ чиқарилади.
Айблов ҳукмининг тавсиф қисмида келишув тузиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар баён этилади, ушбу Кодекснинг 586-7-моддасида санаб ўтилган саволларга жавоблар шакллантирилади.
Айблов ҳукмининг қарор қисмида келишувни тасдиқлаш ҳақидаги қарор ва судланувчига ушбу ҳукм юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳам баён этилади.