584-модда. Жиноят ишини судга юбориш тартиби
Суриштирувчи, терговчи, прокурор жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) ёки унинг қонуний вакилининг ярашув тўғрисидаги аризасини олгач, етти суткадан ортиқ бўлмаган муддатда гумон қилинувчининг, айбланувчининг розилиги билан ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқаради.
Қарорнинг тавсиф қисмида қуйидагилар кўрсатилади: жиноят иши қўзғатилишининг асослари, ишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, улар айбланаётган қилмишлар ва уларга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чоралари, шунингдек ярашув тўғрисидаги аризанинг мазмуни ҳамда гумон қилинувчи, айбланувчининг аризага муносабати.
Қарорнинг қарор қисмида:
1) ишни судга юбориш тўғрисидаги;
2) эҳтиёт чораси тўғрисидаги, шунингдек фуқаровий даъвони таъминлаш чоралари тўғрисидаги;
3) ашёвий далиллар тўғрисидаги қарор кўрсатилади.
Агар иш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида иштирок этиш учун бир неча шахс жалб қилинган бўлиб, барчаси билан ҳам ярашувга эришилган бўлмаса, ярашувга эришилмаган гумон қилинувчиларга, айбланувчиларга тааллуқли материаллар ажратилади ва улар бўйича иш юритиш умумий қоидаларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади, бу ҳақда қарорда кўрсатилади.
Иш қарор чиқарилганидан кейин уч сутка ичида прокурорнинг розилиги билан судга юборилади.