556-модда. Вояга етмаган шахсни қаровга топшириш тартиби
Вояга етмаган шахсни ота-онаси, васийлар, ҳомийлар ёки болалар муассасаси раҳбарларининг қаровига топшириш мазкур шахслардан биронтаси вояга етмаганнинг суриштирувчи, терговчи, прокурор ҳузурига ва судга ўз вақтида келишини, шунингдек айбланувчининг ушбу Кодекс 46-моддасида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажаришини таъминлаш масъулиятини ёзма равишда ўз зиммасига олишидан иборатдир.
Вояга етмаганни ота-онасининг, васийларнинг, ҳомийларнинг ёки бошқа шахсларнинг қаровига топшириш уларнинг, шунингдек вояга етмаган шахснинг ўзининг розилиги билангина амалга оширилади.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд вояга етмаган шахсни қаровга топширишдан олдин ота-оналар, васийлар ёки ҳомийларнинг шахси, уларнинг вояга етмаган шахс билан ўзаро муносабати ҳақида маълумот тўплаши ва улар ўсмирни қаров остига олишни лозим даражада амалга оширишга қодир эканлигига ишонч ҳосил қилиши керак.
Ота-оналар, васийлар, ҳомийлар ўзларининг касалликлари, иш билан банд эканликлари, вояга етмаган шахс билан ўзаро муносабатлари ёмонлашганлиги ва шунинг оқибатида унинг муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлай олмасликлари сабабли вояга етмаган шахс ўз қаровларида бўлишидан истаган вақтда воз кечишга ҳақлидир.
Ота-оналардан, васийлардан, ҳомийлардан болалар муассасаси раҳбарларидан вояга етмаган шахсни қаровга қабул қилиш ҳақида тилхат олинаётганда улар ушбу эҳтиёт чораси қўлланишига асос бўлган айбловнинг моҳияти, айбланувчига тайинланиши мумкин бўлган жазо ва вояга етмаган шахс содир этиши эҳтимол тутилган қилмишларнинг олдини олиш мақсадида қаровга берилганидан кейин у худди ана шу хатти-ҳаракатларни содир этса, қаровга олувчиларнинг жавобгарлиги ҳақида хабардор қилиниши лозим. Бу маълумотлар қаровга бериш баённомасида ёки суд мажлиси баённомасида акс эттирилади.
Айбланувчи ўз вазифасини бажармаган тақдирда уни ўз қарамоғига олган шахс қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилиши мумкин.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz